Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимидаги ресурслар бугунги кунга келиб поёнига етди, дейиш мумкин. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси, профессор Ҳабибулла Оқилов 8 июль куни бўлиб ўтган брифингда маълум қилди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.

Ҳабибулла Оқилов.

Фото: Мадина Нурман / «Дарё»

Март ойига қайтсак. 15 март куни бизда биринчи бемор аниқланган бўлса, 16 мартдан республикамизда, ҳамма эсласа керак, кескин карантин чоралари қабул қилинган эди. Ўша вақтда биз халқаро тажрибани изчил ўрганиб, керакли бўлган миқдорда койка-ўринларни, карантинда сақлаш учун жойларни тайёрлаганмиз. Бошида санаториялар, лагерлар карантин учун тайёрланган бўлса, кейинчалик карантин шаҳарчаларини қурдик.

Барча шифокорларимизни, ўзининг асосий йўналишидан қатъий назар, коронавирус шароитида ишлашга ўргатиб, шу курашга жалб қилдик. Ўшанда қилинган карантин чоралари, карантин модели бутун дунёдаги ҳамкасбларимиз томонидан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан бошқа давлатлар учун ибратга сазовор модель сифатида эътироф этилди.

Лекин бугунги кунга келиб, касалланиш ҳолатлари бир платога чиққандан кейин, касалликнинг иккиланиш деган даври ўтганига қараб, карантин чораларини юмшатишни бошладик. Буни ҳамма ҳам тўғри тушунгани йўқ. Шу билан бирга, биз чет элда қолган ватандошларимизни Ватанга қайтариш жараёнини бир кун ҳам тўхтатганимиз йўқ. Чартер рейслар келяпти, Қозоғистон билан чегарамиз орқали ўз йўли билан кириб келаяпти.

Айнан ҳозир касалликнинг кўпайиши кўпроқ чет элдан қайтаётган ватандошларимиз ичида, карантинда сақланаётган фуқаролар орасида учрамоқда. Шаҳардаги аҳоли орасида камроқ учрамоқда, бироқ сони кун сайин кўпайиб бормоқда. Бизнинг Соғлиқни сақлаш вазирлигимиз тизимидаги ресурслар бугунга келиб поёнига етди, деса ҳам муболаға бўлмайди. Койка-ўринларимиз тўлган, барча шифокорлар жалб этилган — бу шифокорлар ҳам, биласизлар, 14 кун ишлайди, кейин чиқиб кетади, 14 кун карантинда ўтиради, ўрнига яна 14 кун кимдир кириши керак — шифокорларимизнинг ҳам сони қолмади. Койка-ўринлар сони қолмади.

Ҳабибулла Оқилов, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси, профессор