Ўзбекистонда 5 июль соат 23:30 дан 6 июль соат 23:30 га қадар коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 342 та ҳолат аниқланди. Бу янги рекорд ҳисобланади. Бунгача 3 июлда 318 кишида касаллик қайд этилиши энг юқори кўрсаткич бўлиб турганди. 3 июлдан бери Ўзбекистонда коронавирус юқтириб олганлар сони мунтазам равишда 300 нафардан ошмоқда. Янги касалланиш ҳолатларидан сўнг Ўзбекистонда касалланганларнинг умумий сони 10 362 нафарга етди.
Янги касалланиш ҳолатлари
Янги касалланганларнинг- 204 нафари карантин муассасаларида;
- 116 нафари аҳоли орасида (Тошкент шаҳрида — 101 нафар, Наманган вилоятида — 10 нафар, Фарғона вилоятида — 3 нафар, Андижон вилоятида — 2 нафар);
- 22 нафари эса халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари орасида (Тошкент вилоятида — 20 нафар, Наманган вилоятида — 2 нафар) аниқланган.
6 июлнинг эътиборга молик жиҳатларидан бири Фарғона вилоятига коронавирус қайтди. Аҳоли орасида 3 кишида касаллик аниқланди. Вилоятда икки ой янги касалланиш ҳолати қайд этилмаганди. Бугунгача охирги касалланиш ҳолати 5 майда қайд этилган, 14 майда эса шифохонани коронавирусга чалинган охирги бемор тарк этиб, Фарғона коронавирусдан холи ҳудудга айланганди. 25 июнь куни Жиззахга коронавирус қайтганидан сўнг Фарғона вилояти коронавирусдан холи ягона ҳудуд эди. Ўзбекистондаги туман ва шаҳарларнинг 4 июль ҳолатига кўра, эпидемиологик тоифалари рўйхатида Фарғона «яшил» ҳудуд деб топилганди. Фарғона вилояти ҳокимлигининг маълум қилишича, қўшни вилоятда хизмат сафарида бўлиб қайтган фуқарода касаллик аниқланган. Сурхондарёга ҳам коронавирус қайтиши Тошкентдан хизмат сафаридан қайтган ходим туфайли юз берганди.
Тошкент шаҳрида 147 та янги ҳолат қайд этилди. Ушбу ҳолатларнинг 46 таси карантиндагилар орасида, 101 таси аҳоли орасида аниқланди. Июль ойининг ўзида пойтахтда иккинчи марта аҳоли орасида касалланиш ҳолати 100 нафардан ошмоқда. 4 июль куни Тошкентда аҳоли орасида 105 кишида касаллик аниқланганди. Тошкент шаҳрида охирги марта 3 июнь куни аҳоли орасида касалланиш ҳолати қайд этилмаган.
Андижон вилоятида бир кун ичида 80 кишида коронавирус аниқланди, улардан 78 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида, 2 нафари аҳоли орасида қайд этилди. Бир кунда касаллар сони 80 нафарга ошиши Андижон учун рекорд ҳисобланади. Вилоятда бутун май ойида 20 кишида, июнь ойида 32 кишида касаллик аниқланганди. Июль ойида эса касаллар сони 85 нафарга кўпайди. Андижонда 3 июль куни қайд этилган 5 та ҳолатнинг барчаси аҳоли орасида аниқланганди.
Тошкент вилоятида карантин марказларида 76 кишида касаллик аниқланди. Уларнинг бари хориждан келгач, Тошкент вилоятидаги карантин марказларига жойлаштирилганди. Шунингдек, вилоятда халқаро юк ташувчи машина ҳайдовчилари орасида 20 та ҳолат қайд этилди. Бир кунда 20 нафар ҳайдовчида касаллик аниқланиши Тошкент вилояти учун рекорд эмас, 27 июнь куни вилоятда 32 нафар халқаро юк машинаси ҳайдовчисида касаллик қайд этилганди. Тошкент вилоятида охирги уч кун ичида халқаро юк машинаси ҳайдовчилари орасида янги ҳолатлар аниқланмаётганди.
Наманган вилоятида қайд этилган 16 ҳолатнинг 10 таси аҳоли орасида, 4 таси карантиндагилар орасида ва 2 таси халқаро юк машинаси ҳайдовчилари орасида аниқланди. Бир кун ичида 16 та янги ҳолат аниқланиши Наманганда май ва июнь ойларида ҳам кузатилмаганди. Вилоятда шунингдек, май ва июнь ойларида ҳам бир кунда аҳоли орасида 10 кишида касаллик қайд этилмаганди. 6 июнь ва 2 июль кунлари аҳоли орасида 6 тадан янги ҳолат қайд этилиши энг юқори кўрсаткич бўлиб турганди.
Касалликдан даволаниш
6 июль давомида 106 нафар фуқаро соғайди. Улардан 62 нафари Тошкент шаҳрида, 22 нафари Жиззах вилоятида, 8 нафари Қорақалпоғистонда, 7 нафардан Наманган ва Сурхондарё вилоятларидаги тиббиёт муассасаларида шифо топди. Охирги икки кунда коронавирус беморлари фақат Тошкентда тузалиб чиқаётганди.Жиззахга коронавирус қайтган 25 июнь куни касаллиги аниқланган 2 бемор ой охиригача ҳаётдан кўз юмганди. 29 июнь куни 5, 2 июль куни 33 кишида касаллик қайд этилганди. Уларнинг баъзилари касаллиги тасдиқланганидан 4 кун ўтиб тузалишга эришди. Вилоятда бундан олдин 27 апрель куни коронавирусдан тузалганлар шифохонадан чиққанди.
Сурхондарё ва Қорақалпоғистонда 30 июндан бери биринчи марта беморлар шифохоналардан кузатилди. Қорақалпоғистондаги шифохоналарда ҳозир фақат 1 нафар бемор қолди.
Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 10 362 нафар бемордан 6690 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 64 фоизни ташкил этмоқда. Икки кундан буён бу борадаги кўрсаткичлар 1 фоиздан тушиб бормоқда. Айни пайтда даволаниш кўрсаткичи май ойининг бошидан бери энг паст кўрсаткичга тушиб қолди.
17 июнь куни шифохоналардаги беморлар сони биринчи марта 1500 нафардан ошганди, 28 июнда 2500 нафардан ошди, 6 июлга келиб эса шифохонадаги беморлар сони 3500 нафардан ошди. Айни вақтда шифохоналардаги 3635 нафар бемордан 3109 нафари Тошкентда даволанмоқда.
Қорақалпоғистонда 1, Фарғонада 3, Жиззахда 16, Хоразмда 23, Наманганда 24, Бухорода 34, Навоийда 43, Қашқадарёда 82, Самарқандда 93, Сурхондарёда 94 ва Андижонда 113 нафар бемор қолди.
Ўлим ҳолатлари ва аҳволи оғир беморлар
ССВ 6 июль куни Тошкентда уч нафар беморнинг коронавирусдан вафот этганини маълум қилди. Улардан икки нафари эркаклар ва бир нафари аёлдир.Биринчи ўлим. Тошкент шаҳрида 67 ёшли Л.М. исмли эркак 26 июндан томоғида оғриқ бўлишига, тана ҳарорати кўтарилганига қарамай шифокорга мурожаат қилмасдан уйида даволанган. 1 июль куни эса йўтали кучайиб, нафас сиқиши белгилари пайдо бўлгач, тез ёрдам чақирган ва тез тиббий ёрдам машинасида Тошкент шаҳар 2-сонли юқумли касалликлар шифохонасига олиб борилган.
Шу куни ундан COVID-19 инфекциясига таҳлил олиниб, зудлик билан реанимацион муолажалар бошланган. Беморга ўткир миокард инфаркти, икки томонлама пневмония, нафас етишмовчилигининг 2-даражаси, юрак ишемик касаллиги, гипертония касаллиги ташхиси қўйилган. Унда коронавирус инфекцияси ҳам аниқланган.
Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган тезкор реанимацион муолажаларга қарамасдан бемор ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этган. 67 ёшли эркак коронавирусдан вафот этган Тошкентдаги 21, Ўзбекистондаги 35-бемор бўлди.
Иккинчи ўлим. Учтепа туманида яшовчи 43 ёшли А. исмли эркак бир неча кун давомида тана ҳароратининг кўтарилиши, томоғида оғриқ ва ҳолсизлик бўлишига қарамасдан шифокорларга ўз вақтида мурожаат қилмасдан, уй шароитида даволаниб юрган.
2 июль куни Республика ихтисослаштирилган Фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт марказида тиббий кўрикдан ўтган ва текширув натижасига кўра, пульмонолог тавсиясига асосан, Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам клиник шифохонасига юборилган. Беморга икки томонлама пневмония, ўткир нафас етишмовчилигининг 2-даражаси, семизликнинг 3-даражаси ташхиси қўйилган. Унда коронавирус инфекцияси ҳам аниқланган.
Шифокорларнинг стандартлар асосида ўтказган тезкор реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ўткир нафас ва юрак-қон томир етишмовчилигидан вафот этди. 43 ёшли эркак коронавирусдан вафот этган Тошкентдаги 22, Ўзбекистондаги 36-бемор бўлди.
Учинчи ўлим. Чилонзор туманида яшовчи 86 ёшли З.Р. исмли аёл 19 июнь куни қон босими юқорилиги, нутқи ўзгариши, қўл ва оёқлардаги кучсизлик сабаб Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ётқизилган. 27 июнь куни аҳволи оғирлашганлиги сабабли ушбу марказнинг реанимация бўлимига ўтказилган.
Унга инсульт, бош мия шиши, гипертония касаллиги, юрак ишемик касаллиги, ўпканинг сурункали обструктив касаллиги, ўткир юрак ва нафас етишмовчилиги ташхиси қўйилган. Коронавирусга чалинган ушбу бемор 20 йилдан ортиқ вақт мобайнида гипертония касаллиги билан оғриб келган.
Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан бемор мия шиши, ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди. 86 ёшли аёл Ўзбекистонда коронавируснинг энг кекса қурбони бўлди. Бунгача Тошкентда икки нафар 77 ёшли аёл коронавирус асоратларидан вафот этганди (ССВ 5 нафар қурбоннинг ёшига аниқлик киритмаган). 86 ёшли аёл, шунингдек, коронавирусдан вафот этган Тошкентдаги 23, Ўзбекистондаги 37-бемор бўлди.
ССВ хабарида беморларнинг қайси куни оламдан ўтганига аниқлик киритилмаган. Сўнгги вақтларда ССВ беморлар вафот этган куниёқ бу ҳақда маълумот бермасдан, 1-2 кундан сўнг хабар бермоқда. Мисол учун, 27-беморнинг ўлими 2 кундан сўнг, 28, 29, 30 ва 31-беморларнинг ўлими бир кундан кейин эълон қилинди. Узоқ танаффусдан сўнг Соғлиқни сақлаш вазирлиги 28-бемордан бошлаб касалликдан вафот этганлар қайси куни оламдан ўтганини эълон қилишни бошлади, бироқ 31-бемордан бошлаб бу ишини яна тўхтатди.
Кетма-кет иккинчи кун уч нафардан бемор вафот этаётгани хабар қилинмоқда (уларнинг бари Тошкент шаҳрида яшаган). Июль ойининг ортда қолган 6 кунида ССВ 11 кишининг коронавирус асоратларидан вафот этганини маълум қилди (ўлим ҳолатларидан биттаси аслида июнь охирида кузатилган). Июнь ойида 11 та ўлим ҳолати қайд этилган. Қолган ойларда эса бу кўрсаткич 7 тадан ошмаганди.
Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 3635 нафар бемордан 25 нафари оғир, 13 нафари эса ўта оғир аҳволда.