1976 йилнинг 4 июль куни дунё разведка хизматлари тарихидаги энг намунали операциялардан бири деб ҳисобланадиган «Энтеббе операцияси» ижобий якунланган эди. «Дарё» сана муносабати билан исроилликларнинг мисли кўрилмаган муваффақияти ҳақида ҳикоя қилади.
Ушбу воқеа 1976 йил 27 июнда Франциянинг Air France авиакомпаниясининг самолёти Тель-Авив—Париж авиапарвозини амалга ошириб, йўлда оралиқ шаҳар бўлган Афинага қўнганида бошланди. Airbus бортида бўлган икки юз эллик йўловчининг 83 таси Исроил фуқаролари эди. Улар террорчиларнинг асосий нишонига айланди.
Францияга эмас, Угандага!
Афина аэропортидан самолётга ўтирган тўрт йўловчи (иккита араб ва иккита немис) самолёт бортига қурол ва гранаталарни олиб киришга муваффақ бўлди. Уларга Афина аэропорти хизматчиларининг иш ташлаш намойишлари бўлаётгани жуда қўл келди. Чунки бунинг натижасида йўловчилар деярли текширилмади. Aerobus ҳавога кўтарилгач, террорчилар қурол билан қўрқитиб, учувчилар хонасига кирди ва уларга йўналишни ўзгартиришни буюрди.Париж ўрнига самолёт Ливиянинг Бенғози шаҳрига қўнди ва ёқилғи қуйиб олгач Угандага учиб кетди. Ушбу мамлакат президенти Иди Амин террорчиларни қўллаб-қувватлади ва уларга ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.
Уганданинг Энтеббе аэропортида яна тўртта фаластинлик террорчилар гуруҳига қўшилди. Биргаликда улар бир неча кун давомида эски аэропорт биносида гаровга олинганларни ушлаб турди, ўзига хос жиҳати шунда эдики, гаровга олинган аэропорт биносининг ташқи хавфсизлигини Уганда аскарлари олиб борган.
Ҳаттоки диктатор Иди Аминнинг ўзи асирга олинган исроилликларга уларнинг тақдири Исроил ҳукуматининг қўлида эканини таъкидлаб, ўнлаб фаластинлик террорчиларни Исроил қамоқхоналаридан озод этишни талаб қилган, шунингдек, бошқа қамоқхоналарда, хусусан, Франция, Германия, Швейцария ва Кенияда бўлган яна 13 террорчини озод қилинишини талаб қилган.
Террорчилар йўловчиларни ичидан исроилликларни танлаб олган ва самолёт қўлга олингандан икки кун ўтгач, фақат исроилликларни қолдириб, бошқа давлат фуқароларини озод қилган. Энтеббе аэропортида гаровга олинган исроилликлар билан бирга француз экипажи ҳам қолди. Энтеббе аэропортида жами юздан ортиқ киши гаровда қолган эди.
Операцияга тайёргарлик
Исроил ҳукумати можарони ҳал қилиш учун барча мумкин бўлган дипломатик каналлардан фойдаланган. Шу билан бирга, қатъий махфийлик шароитида ҳарбий операцияга тайёргарлик кўрилди, бу операция кейинчалик жаҳон махсус хизматларининг дарсликларига энг дадил ва муваффақиятли операция сифатида киритилган.Дипломатларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли ультиматумни кейинга қолдириш имконияти пайдо бўлди: дастлаб террорчилар гаровга олинганларни 1 июль куни ўлдириш билан таҳдид қилганди. Бир неча йил олдин «Энтеббе операцияси» ҳужжатларининг бир қисмидан махфийлик белгиси олиб ташланди ва улар оммага эълон қилинди. Бу ҳужжатлардан маълум бўлишича, дипломатик музокаралар фақат қутқарув операциясига тайёргарлик кўриш учун вақтни чўзиш мақсадида олиб борилган.
Бу мисли кўрилмаган операция эди, бунинг учун кўплаб факторларни, шу жумладан, тасодифий омилларни ҳам ҳисобга олиш керак эди. Амалиётни режалаштиришда Исроил Мудофаа кучлари бош штаби бошлиғи Мордехай Гур, Ҳарбий разведка (АMAN) оператив бошқармаси бошлиғи Эҳуд Барак (кейинчалик, Исроил Бош вазири), Исроил ҳаво кучлари қўмондони Бени Пелед (1928–2002), махсус кучлар қўмондони Йонатан Нетаньяхулар иштирок этди. (Исроил ҳукуматининг амалдаги раҳбари Бенямин Нетаньяхунинг акаси).
Кейинчалик, ушбу қутқариш операцияси террорчилар билан отишмада ҳалок бўлган Йонатан Нетаньяхунинг шарафига «Йонатан операцияси» деб номланган.
Эски тажриба қўл келди
Исроил махсус кучларининг қўлида бир нечта вариантлар мавжуд эди. Исроил ҳарбий мутахассислари орасида аввалги йилларда (1960 йилларнинг охири ва 70 йилларнинг биринчи ярмида) Уганда армиясининг ҳарбий маслаҳатчиси сифатида Энтеббе аэропортига бир неча бор ташриф буюрганлар бор эди. Булар диктатор Иди Амин мамлакат бошлиғи бўлишидан олдин юз берганди. Исроил ҳарбийлари аэропорт режасини жуда яхши билган, бу эса операция вақтини ва у билан боғлиқ хавфларни сезиларли даражада камайтирган.«Бизда олдин ҳам Энтеббе шаҳрига учган ва аэродромни беш қўли каби биладиган учувчилар бор» – дейди Генерал Пелед Э. Баракга. Улар шошилинч равишда Исроил авиабазаларидан бирида Энтеббе аэропортининг макетини қуради ва десантчилар зарур ҳаракатларнинг мувофиқлигига эришгунча кунига бир неча марта аэропортни «штурм қилишади».
Шунга қарамай, хавф жуда катта эди. Амалиёт раҳбарияти операция пайтида бир неча ўнлаб десантчилар ва гаровга олинганлар нобуд бўлиши мумкинлигини ҳисобга олди. Барибир қарор қабул қилинди – Исроил ҳарбий-ҳаво кучларининг самолётлари Угандага кетаётган пайтда операцияни бошлаш тўғрисида буйруқ қабул қилинди.
Қора Mercedes хатоси
Сўнгги русумдаги «Геркулес» транспорт самолётларидан тўрттаси бортида жиплар ва десантчилар билан ҳавога кўтарилиб, Энтеббе томон йўл олди. Яна иккита Исроил самолёти Исроилга дўстона муносабатда бўлган Кения пойтахти Найробига қўнди, у ерда дала касалхонаси жойлаштирилди. Бундан ташқари, Кения исроилликларга самолётларига ёнилғи қуйишга рухсат бериш орқали ёрдам берди.Бу орада, Энтеббе шаҳрида ультиматум муддати ниҳоясига етмоқда ва террорчилар гаровга олинганлардан ҳар соатда икки кишини отиб ташлашни режалаштирмоқда эди. 1976 йил 3 июль куни маҳаллий вақт билан соат 23:00 да Энтеббе шаҳрига Исроилнинг «Геркулес»лари қўнди, унинг ичидан жиплар ва ёнида байроқлар билан безатилган қора Мерседес автомобили чиқиб келди. Ҳарбий режага кўра, қора Mercedes автомобили аэропорт қўриқчилари томонидан Иди Аминнинг машинаси сифатида кўрилиши керак эди.
Уганда диктатори ўзининг қора Mercedes’ини оқ рангли Rolls-Royc’га алмаштирганини Исроил ҳарбийлари билмас эди. Соқчилар буни пайқаб қолди ва кортежни тўхтатишни буюрди. Бунга жавобан Исроил «спецназ»чилари овозсиз пистолетлар билан уларни маҳв этди. Бу зарурий чора эди, чунки қўриқчилар шовқин кўтаришлари мумкин эди ва оқибатда, операция хавф остида қоларди.
Натижа
Самолётлар Энтеббе аэропортига қўнган вақтдан бошлаб ёқилғи тўлдириш учун Найробига жўнагунга қадар бўлган бутун операция бир ярим соат давом этди. Исроиллик ҳарбийлар аэропортнинг терминал биносига шиддат билан киришди. Отишма икки дақиқадан кам давом этди, шу вақт ичида барча террорчилар йўқ қилинди. Гаровга олинганлар орасида ҳам қурбонлар бўлган.Учтаси отишма вақтида ҳалок бўлди, бундан олдин Кампала касалхонасига олиб борилган яна бир гаровга олинган аёл эса исроилликлардан ўч олишни режалаштирган Иди Амин буйруғига биноан угандалик зобитлар томонидан ўлдирилган. Ушбу амалиётдан уч йил вақт ўтгач, Уганда диктатори ағдарилиб ҳужжатлар очилганида, унинг буйруғи билан Кения Исроилга ёрдам берганига жавобан мамлакатдаги бир неча юз кенияликлар ўлдирилгани маълум бўлди.
1976 йил 4 июль куни эрталаб бутун дунёга исроилликларнинг мисли кўрилмаган жасур ва муваффақиятли операциялари ҳақидаги хабарлар тарқади. Ғарб давлатлари Исроилни самимий қўллаб-қувватлади, аммо шу билан бирга БМТ Хавфсизлик кенгаши Исроилни «Уганданинг суверенитетини қўпол равишда бузишда» айблади.
Орадан бир неча йил ўтгач, АҚШ ҳарбийлари Теҳронда «Энтеббе операцияси»нинг сценарийсини такрорлашга уриниб кўрди, у ерда ислом инқилобчилари ҳокимиятга келганидан сўнг АҚШ элчихонасининг 53 ходими гаровга олинганди, аммо уларнинг «Бургут тирноғи» операцияси муваффақиятсиз тугади. Бу энди умуман бошқа ҳикоя...
Нурбек Алимов тайёрлади.
Изоҳ (0)