Навоий вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси вилоят фтизиатрия ва пульмоногия маркази ходимларида коронавирус инфекцияси аниқланганини расман тасдиқлади.

Фото: «Дарё»

Аввалроқ марказ ходими Шавкат Мирзиёевга мурожаат йўллаб, ўзи фаолият олиб бораётган шифохонадаги айрим ходимларда инфекция аниқланган бўлса-да, ҳеч қандай чора кўрилмаётганини айтиб ўтганди.

Навоий вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ушбу мурожаатдан кейин ўрганиш ва суриштирув ўтказган.

Бошқарма баёнотига кўра, тегишли мутахассислар томонидан олиб борилган ўрганиш ва суриштирув ишлари ҳақиқатан ҳам мазкур тиббиёт муассасасининг реанимация бўлимида фаолият олиб бораётган тиббиёт ходимларининг айримларида коронавирус инфекциясининг дастлабки ҳолатлари қайд этилгани ўз тасдиғини топган.

«Соғлиқни сақлаш бошқармасининг 2020 йил 23 июндаги 132-сонли буйруғига асосан, Навоий вилоят фтизиатрия ва пульмонология марказининг реанимация бўлими карантинга ёпилиб, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан қўриққа олинган», — дея маълум қилган Навоий вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси.

Марказда фаолият олиб бораётган бошқа барча тиббиёт ходимлари, беморлар ҳамда улар билан яқин мулоқотда бўлган фуқаролар умумий назоратга олиниб, карантин тартиби қатъийлаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 1 июль соат 23:30 ҳолатига кўра, Навоий вилоятида жами 283 та касалланиш ҳолати қайд этилган, шу вақтгача 240 нафар бемор тузалиб чиққан. 2020 йил 2 июль куни соат 10:00 ҳамда соат 17:00 ҳолати бўйича эълон қилинган ССВ маълумотларида Навоий вилоятида янги касалланиш ҳолати аниқлангани баён этилмаган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 28 июнь, якшанба куни Яккасарой туман тиббиёт бирлашмасининг Юқори Чирчиқ туманидаги карантин марказида хизмат кўрсатиш учун сафарбар этилган шифокор Алишер Уралов коронавирусга чалиниб, миокард инфаркти, ўткир нафас ва юрак-қон томир етишмовчилигидан вафот этгани ҳақида хабар берган.

30 июнь куни марҳум шифокорнинг қизи Шаҳноза Ҳасанова отаси саломатлиги имкон бермаса ҳам карантин марказига мажбуран жўнатилганини маълум қилган. Шундан сўнг Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов марҳум шифокорнинг хонадонига 1 июль куни кўнгил сўраб борди. Кейинчалик Алишер Ураловнинг оиласига 250 миллион сўм миқдорида компенсация тўлангани хабар қилинди.