Коронавирусдан вафот этган қашқадарёлик 27-бемор даволанган бўлимда фаолият юритувчи ҳамшира тумандошлари тақдиридан хавотирга тушаётганини маълум қилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири билан суҳбатлашган ҳамширанинг айтишича, бемор даволанган бўлим шифокор ва ҳамшираларининг айримлари ТТБ қошидаги Марказий поликлиникада ажратилган иккита хонада бугунги кунда аҳолига тиббий хизмат кўрсатмоқда.

«Коронавирусдан вафот этган бемор даволанган бўлимда ишлаганларнинг 50 дан ортиғи ва 100 нафарга яқини бўлимда карантинга олинди. Қолганлар эса уй шароитида ўзини яккалаш тартибига ўтдик. Аммо ҳамма уй карантинига ўтди деб бўлмайди. Биз билан 29 июнь куни ўша бўлимда ишлаган шифокор ва ҳамшираларнинг айримлари бугунги кунда Марказий поликлиникада аҳолига тиббий хизмат кўрсатишда давом этмоқда», — дейди шахсини очиқласа, босим ўтказилишидан қўрққан ҳамшира.

Ғузорлик ҳамширанинг айтишича, бемор вафот этган кун — 29 июнда шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимида ишда бўлган, беморни даволаган шифокор ва ҳамширалар билан мулоқотга киришган Октябрь Нурхонов, ҳамширалар Лобар Жумаева ҳамда Дилфуза Қурбонова туман тиббиёт бирлашмасида шошилинч тез тиббий ёрдам беморлари учун ташкил этилган хонада аҳолига хизмат кўрсатишда давом этмоқда.

«Юқорида тилга олинган тиббиёт ходимлари касалликни юқтирган деган фикрдан йироқман. Аммо улар ҳам биз каби беморни даволаган шифокор ва ҳамширалар билан мулоқотда бўлган. Юқтириб олган бўлиш эҳтимоли йўқ эмас, албатта. Шуни била туриб, тумандошларимиз ҳаётини хавф остига қўйишлари шартми? Раҳбарлар нега бунга жим қарамоқда. Туманда бошқа мутахассис йўқми ёки?», — дейди суҳбатдош ҳамшира.

«Дарё» мухбири билан суҳбатлашган ҳамширанинг маълумот беришича, шошилинч тез тиббий ёрдам бўлими жойлашган бинода болалар бўлими, терапия, режали жарроҳлик, жонлантириш ва қабул бўлимлари ҳам жойлашган.

«Туманимизда тиббиёт ходимлари етарли даражада. Шундай экан, халқ соғлиғини хавф остига қўймай, ўша куни бу бўлимда бўлмаган тиббиёт ходимларини ишга жалб қилишса бўлади-ку. Мен тиббиёт ходими сифатида ўша шифокорларга кўринмасликни маслаҳат беришим мумкиндир, аммо ҳеч нарсадан хабари бўлмай шифокор кўригига борадиган одамлар қанча-қанчани ташкил этади. Бу одамлар тақдири билан ўйнашишдан бошқа нарса эмас», — дейди ҳамшира.

Суҳбатдош ҳамширанинг фикрича, бу каби эътиборсизликка туман ҳокими ва туман тиббиёт бирлашмасининг бош шифокори айбдор.

«Ҳоким қаерга қараяпти, туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Акром Бердиев-чи?», — дейди тиббиёт ходими.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ғузор туман тиббиёт бирлашмасида ишловчи тиббиёт ходими видеомурожаат билан чиқди.

«28 июнь куни Эскибоғдан Ҳазратқул Собиров исмли коронавирусга чалинган беморни олиб келишди. Тез ёрдам ҳайдовчилари иситмаси баланд беморни нега юқумли касалликлар шифохонасига эмас, айнан бизнинг бўлимга олиб келишганига ҳайронмиз. Шундан сўнг бемор вафот этди. Вафот этгандан сўнг ҳам унинг мурдасини ҳеч ким бўлимдан олиб чиқмади. Кечаси соат иккиларда биз ўзимиз марҳумни яқинларига жўнатдик. Ҳамма тиббиёт ходимлари, ҳаттоки маъмурият ўзини олиб қочди. Мурда 15 соат шифохонанинг ичида турди. Ҳамширалар билан бир амаллаб ўзимиз беморни олиб чиқдик», — дейди видеомурожаат қилган тиббиёт ходими.

Видеомурожаатда айтилишича, марҳумнинг турмуш ўртоғининг ҳам аҳволи оғирлашгани боис, Қарши шаҳрига олиб кетилган. Акаси эса туманда даволанмоқда.

Видеомурожаат муаллифи, шунингдек, карантинга олинган бўлим дезинфекция қилинмаётганини, антисептик воситалар ва озиқ-овқат етишмаслигини, бир марталик тиббиёт кийимлари алмаштирилмаётганидан шикоят қилади.

Мурожаатчи, шунингдек, вирус ўчоғида ишлаётгани учун тўланиши лозим бўлган маблағ ҳақида ҳам сўз юритади. Мазкур видеомурожаатга Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳозирча муносабат билдирмади.