Влад Цепеш Дракула — румин халқининг миллий қаҳрамони. У туркларнинг Европага кириб келишига қарши курашган жасур жангчи. Аммо у ҳақида тарихда турли афсоналар юради. «Дарё» анъанавий тарих рукнида Дракуланинг нега бутун дунёга бегуноҳ одамларнинг қонини ичадиган вампир сифатида танилгани ҳақида ҳикоя қилади.

Влад Цепеш Дракула.

Фото: Getty Images

Брэм Стокер

Дракуланинг ҳозирги образи яратувчиси инглиз ёзувчиси Брэм Стокер бўлганини ҳамма ҳам билавермайди. Стокер ўз вақтида оккультизмга асосланган «Олтин тонг» деб номланувчи яширин жамиятининг фаол аъзоси эди. Ҳар қандай даврда бундай жамиятлар ўзларининг вампирларга бўлган катта қизиқишлари билан ажралиб туради, улар учун вампирлар ёзувчиларнинг фантазияси эмас, балки аниқ тиббий далил эди.

Бизнинг замонамизда ҳам учраб турадиган, энг жиддий касалликлардан бири бўлган вампиризмни шифокорлар узоқ вақт давомида ўрганиб чиққан ва ҳужжатлаштирган. Аммо жисмоний боқий бўлган вампирлар образи ҳамиша оккультистлар ва қора сеҳргарларни ўзига жалб қилади.

Князь Влад III Цепеш

XIV асрда пайдо бўлган Трансильваниядаги Валахия князлиги бугунги Руминия ҳудудида биринчи ташкил топган йирик давлат эди. Руминиянинг миллий шаклланиш давридаги етакчи тарихий шахсларидан бири бу, шубҳасиз, валах князи Влад Цепеш бўлган.

Князь Влад III Цепеш Валахиянинг автократик православ монархи эди. Бу одамнинг фаолияти билан боғлиқ деярли ҳамма нарса сирларнинг қалин пардаси билан ўралган. Унинг туғилган жойи ва вақти аниқ эмас. Валахия ҳам Ўрта аср Европасининг тинч бурчакларидан эмасди, сон-саноқсиз жанглар ва уруш алангалари қўлёзма ёдгорликларининг аксарият қисмининг йўқ бўлиб кетишига сабаб бўлган. Фақатгина омон қолган черков қўлёзмалари замонавий дунёга граф Дракула номи билан маълум бўлган ҳақиқий тарихий шаҳзода Владнинг қиёфасини тиклашга ёрдам берган.

Фото: Getty Images

Шаҳзоданинг туғилган йилини фақат тахминан аниқланиш мумкин, бу 1428 ва 1431 йиллар оралиғига тўғри келади. XIV аср бошларида қурилган Сигишоара шаҳрининг Кузнечная кўчасида жойлашган бир уй ҳанузгача сайёҳларнинг эътиборини тортиб келади. Кўпчилик олимлар томонидан Влад айнан шу уйда туғилган деб тахмин қилинади.

Валахиянинг бўлажак ҳукмдори бу ерда туғилганми ёки йўқми номаълум, аммо унинг отаси князь Влад Дракулнинг шу уйда яшагани аниқ. Румин тилида «Дракул» аждаҳо деган маънони англатади. Князь Влад Дракул мақсади православликни бошқа диндагилардан ҳимоя қилиш бўлган «Аждаҳо рицари» орденининг аъзоси эди. Князнинг учта ўғли бор эди, аммо улардан фақатгина биттаси бутун дунёга машҳур бўлади — бу Влад Цепеш эди.

Шуни таъкидлаш керакки, у ҳақиқий рицар жасур жангчи ва ҳар доим ўз ҳаракатларида шараф ва бурч қоидаларига амал қилган моҳир қўмондон эди. Влад ўзининг катта жисмоний кучи билан бошқа ўғиллардан ажралиб турарди. Одамлар болалигиданоқ от ва қуролга ўрганган ўша даврларда ҳам унинг моҳир чавандозлиги бутун мамлакат бўйлаб шов-шув бўлган.

«Қозиққа ўтқазувчи»

Влад давлат арбоби сифатида ватанпарварлик тамойилларига амал қилди: босқинчиларга қарши курашди, ҳунармандчилик ва савдони ривожлантирди, жиноятчиликка қарши аёвсиз ишлар олиб борди. Влад барча соҳаларда қисқа вақт ичида таъсирли муваффақиятларга эришди. Солномалар китобида айтилишича, унинг ҳукмронлиги даврида олтин тангани ерга ташлаб, орадан бир ҳафта ўтгач уни ўша жойдан олиб кетиш мумкин эди. Ҳеч ким бировнинг олтинига эга чиқишга журъат этолмас ва ҳатто унга тегиши ҳам мумкин эмасди.

Энг қизиғи, буларнинг барчаси икки йил олдин ўғри ва дайдиларнинг сони шаҳар аҳолиси ва деҳқонлар сонидан кам бўлмаган мамлакатда амалга ошди. Бу ўзгаришлар қандай содир бўлди? Жуда оддий — бу Валахия князи томонидан олиб борилган жамиятни «номақбул элементлардан» мунтазам тозалаш сиёсатининг натижаси эди. Ўша пайтдаги суд жараёни жуда содда ва тез эди: дайди ёки ўғрини нима ўғирлаган бўлишидан қатъи назар гулхан ёки қозиқ кутарди. От ўғрилари бўлган лўлиларни ва бекорчи, ишончсиз одамларни ҳам худди шу қисмат кутарди.

Фото: Getty Images

Тарихга Влад III номи остида кирган бу шахснинг тахаллуси қандай пайдо бўлганини билиш ҳам жуда муҳимдир. Цепеш сўзма-сўз таржима қилинадиган бўлса «Қозиққа ўтқазувчи» деган маънони англатади. Бу Влад III ҳукмронлик қилган даврдаги асосий қатл воситаси бўлган. Бу йўл билан ўлдирилганларнинг кўпи асир олинган турклар ва лўлилар эди.

Аммо жиноят қилган ҳар қандай кишининг бошига ҳам худди шундай жазо тушиши мумкин бўлган. Минглаб ўғрилар қозиқларда нобуд бўлиб, шаҳар майдонларидаги гулханларда ёқилгач, шаҳарда ўз омадини синаб кўришни хоҳловчи бошқа ўғри топилмасди. Влад ижтимоий мавқейидан қатъи назар ҳеч кимга имтиёз бермасди. Кимнингдир бошига князь қаҳр-ғазаби келса, унинг тақдири аянчли якун топарди.

Қуйида номаълум немис муаллифининг 1463 йилда қирол Хуняди Матиас буйруғи билан ёзилган баъзи ҳикоялари келтирилган:

— Кунлардан бир куни Валахияга келган чет эллик савдогарни тунаб кетишади. У князь Владга шикоят қилиб боради. Ўғрини топиб, уни қозиққа ўтқазишаётган пайтда Цепешнинг буйруғи билан савдогарга ичида бир танга ошиқча бўлган ҳамён беришади. Савдогар ҳамёнида пул ортиқча эканини билиб, дарҳол князга хабар беради. У кулиб шундай дейди: «Баракалла, агар айтмаганингда сен ҳам ўғри каби қозиққа ўтирардинг».

— Цепеш мамлакатда кўплаб тиланчилар борлигини аниқлайди — у тиланчиларнинг барчасини чақириб, едириб ичириб тўйдиради ва уларга савол беради: «Бу дунёдаги барча азоблардан абадий халос бўлишни хоҳлайсизларми?» Ижобий жавобни олгач, Цепеш барча эшик ва деразаларни ёпишни буюради ва йиғилганларнинг ҳаммасини тириклайин ёқиб юборади.

— Ҳужжатдаги энг даҳшатли ва ишончсиз далиллардан бири бу Дракуланинг одамлар қатл қилинган жойда ёки қатл содир бўлган жойга яқин ерда нонушта қилишни яхши кўриши ҳақидаги гаплардир.

— Қадимги рус воқеанависларининг гувоҳликларига кўра, Цепеш даврида ахлоқ қоидаларини бузган бевафо хотинлар ва беваларнинг жинсий аъзолари кесилиб, териси шилиниб, таналари чириб ёки қушлар томонидан еб битирилгунча майдонлардаги устунларга осиб қўйилган.

— Бундан ташқари, Валахия пойтахтидаги фавворада олтиндан ясалган коса борлиги ҳақида афсоналар мавжуд; ҳамма унинг ёнига келиб, сув ичиши мумкин эди, лекин ҳеч ким уни ўғирлашга журъат эта олмасди.

Фото: Getty Images

Вампирга «айлантирилган» Дракула

ХХ асрнинг биринчи чорагидан бошлаб, хусусан, Брэм Стокернинг «Тун болалари» («Children of the Night») ва «Вампир» деб номланган китоблари, шунингдек, классик немис экспрессионист фильми «Носферату: Даҳшат симфонияси» каби асарларнинг қаҳрамони Граф Дракула вампирларнинг унутилмас адабий ва кинематографик образига айланди. Влад III Цепеш ва граф Дракула образлари ўртасидаги боғлиқлик Брэм Стокернинг ўлимдан кейин вампирга айланган Цепеш ҳақидаги афсоналарни эшитгани билан изоҳланади. Унинг бундай афсонани эшитган-эшитмагани номаълум; аммо бундай афсоналарнинг мавжудлиги учун сабаблар бор эди, чунки Влад Цепеш вафотидан кейин унинг жасади қабр ичидан ғойиб бўлган.

ХХ асрнинг ўрталарида машҳур «вампир»нинг қабрига сайёҳлар оқими бошланиб кетди. Сайёҳлар томонидан бундай носоғлом эътиборни камайтириш учун ҳокимият унинг қабрини бошқа ерга кўчирди. Энди унинг қабри оролда ва у монастир роҳиблари томонидан қўриқланади.

Афсона ёки ҳақиқат?

Ушбу мақола қаҳрамони исмининг ўзигина даҳшатга солади. Даҳшатли фильмлардаги вампирлар етакчисининг исми ҳам Дракула деб номланган ва бу исм экрандаги махлуқнинг прототипи бўлган Влад Цепешдан олинган. Мана беш асрки, Влад Цепеш ҳақидаги даҳшатли афсоналар сояси кезиб юради. Бир қарашда у дўзахдан чиққан иблис каби кўринади. Аслида, ўша давр учун у оддий ҳукмдорлардан бири эди. Албатта, ўша давр ҳукмдорлари каби унинг ҳам шахсий фазилатларида шафқатсизлик юқори бўлган.

Валахия ҳукмдорининг шахсияти тўғрисида мунозаралар ҳали ҳам қизғин давом этмоқда. Ҳозир ҳатто у ҳақидаги энг жиддий китобларда ҳам «Влад Цепеш — афсона ва ҳақиқат» ёки «Влад Дракула — ҳақиқат ва фантастика» ва шунга ўхшаш номлар мавжуд. Бироқ 500 йилдан кўпроқ вақт олдин рўй берган воқеаларни тушунишга ҳаракат қилаётган муаллифлар баъзан билмаган ҳолда, баъзан атайлаб бу одамнинг образи атрофида янги-янги афсоналарни тўплайди.

Аммо Руминияда ҳатто ҳозир ҳам Влад Цепеш хотирасига муносабат ғарбий Европа мамлакатларидаги каби эмас. Бугунги кунда кўпчилик руминлар уни Руминия келажагини шакллантириш даврининг миллий қаҳрамони деб билади.

Нурбек Алимов тайёрлади.