Беларусь пойтахти Минск шаҳрида президент сайловида Александр Лукашенконинг рақиблари учун имзо тўплаш мақсадида уюштирилган намойишда бир неча километрли навбат юзага келди. Бу намойиш президент сайлови кампанияси вақтида қўлга олинган фаоллар ва сиёсатчиларни қўллаб-қувватлаш учун ташкил қилинган. Бу ҳақда Meduza хабар берди.

Фото: «РБК»

Қайд этилишича, «бирдамлик занжири» деб аталаётган акция Минскнинг асосий кўчаси бўлган Мустақиллик шоҳкўчасида 18 июнь куни кечки пайт бошланган ва бундай занжирлар президентликка номзодлар Юрий Губаревич, Николай Козлов, Ольга Ковальковага имзо йиғилаётган жойларда юзага келган. «Бугун беларусликлар эркинлик учун навбатга турди ва ўзига керак бўлган муносабатни талаб қилди», — дея маълум қилган Олга Ковалкова.

Минск вақти билан соат 22:00 да «бирдамлик занжири» Мустақиллик шоҳкўчаси бўйлаб тахминан беш километрга чўзилди. Ҳайдовчилар бирдамлик белгиси сифатида акция иштирокчиларига сигнал чалди. Милиция шоҳкўчани қисман ёпди. Акцияда икки мингдан ортиқ одам иштирок этгани хабар қилинган.

Эслатиб ўтамиз, Минскда 18 июнь куни Беларусь президентлигига номзод Виктор Бабарико қўлга олинган. Расмийлар Бабарикони «Белгазпромбанк»да ноқонуний ташкилотга раҳбарлик қилганликда айбламоқда. Бабарико банкни 20 йилда давомида бошқарган. Аввалроқ «Белгазпромбанк»нинг собиқ ва амалдаги ходимларига нисбатан солиқларни тўламаслик ва пул ювиш бўйича жиноий иш очилган.

Яна бир мухолифатчи — Сергей Тихановский 29 май куни милиция ходимларига нисбатан зўравонлик қилганликда айбланиб қўлга олинган. Президентлик пойгасида расман блогернинг рафиқаси иштирок этмоқда. Блогерга нисбатан жамоат тартибини қўпол равишда бузувчи ҳаракатлар ташкил қилиш ва тайёрлаш айби қўйилган.

Беларусда президентлик сайлови 9 август куни бўлиб ўтади.