Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, «Адолат» СДП сиёсий кенгаши раиси Наримон Умаров бир фуқарони қийноққа солиб, унинг ўлимига сабаб бўлган Андижон шаҳар ИИБ ходимлари ҳаракатига муносабат билдирди.

Фото: «Дарё»

Наримон Умаровнинг таъкидлашича, Андижон шаҳар ИИБ ходимларининг ноўрин муносабати асносида касб шаъни оёқости қилинибгина қолмади, балки бир инсон энг олий ҳуқуқи бўлган яшаш неъматидан мосуво бўлди. Шу билан бирга, мамлакат раҳбарияти ва аҳоли томонидан давлатнинг халқаро имижини яхшилаш учун қилинаётган кўп сонли ҳаракатларга путур етган.

«ИИБ масъулларининг мақсади бир бўлиши лозим — ҳақиқатнинг тагига етиш ва фуқароларни ҳимоя қилиш. Аммо инсон ҳуқуқларини топташ орқали адолатга эришиб бўлмайди, фуқароларни дўппослаш уларни ҳимоя қилиш ҳисобланмайди.

Афсуски, ИИВ бундай ҳолларга ‘Бу янгилик эмас’ деб қарашга одатланиб қолган», — дейилади партия раҳбарининг муносабатида.

Таъкидланишича, «Адолат» социал-демократик партияси сайловолди дастурида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш ва жамоат тартибини сақлаш бўйича ички ишлар тизимининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш устувор вазифалар сифатида қайд этилган. «Шундай экан, биз бу каби кўнгилсиз ҳолатларга кечиктирмай барҳам берилиши, мудҳиш иллатлар одатий ҳолдек қабул қилинмаслиги тарафдоримиз», — дейди Наримон Умаров.

Спикер ўринбосарининг фикрича, айбдорларнинг жазо олгани марҳумни яқинларига қайтариб бермайди, шунингдек, бундай ҳолат бошқа такрорланмаслигига ҳам кафолат бермайди. «Яъни ички ишлар тизимида ислоҳотлар натижадорлиги замон талабларига мос эмас», — дея таъкидлаган партия раҳбари.

Унинг қайд этишича, бу ҳолат бошқа такрорланмаслиги учун кимнидир жавобгар қилиш, кимнидир ишдан бўшатиш, кимгадир интизомий чора билан чекланиш эмас, тизимли ислоҳотлар, янгиланишларни амалга ошириш лозим. Бунда тергов органларининг идоравий манфаатдорлигини баратараф этиш, уларнинг мустақиллигини таъминлаш, жараёнларни шаффофлаштириш лозим.

«Энг асосийси ‘Ички ишлар органлари тўғрисидаъги қонунда ‘Ички ишлар органларининг асосий вазифалари фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкини, конституциявий тузумни ҳимоя қилишдан, қонун устуворлигини, шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлашдан, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикасидан иборат’ эканлиги тўғрисидаги норма ИИВ фаолиятининг энг асосий тамойилига айланиши лозим», — дея хулоса қилган Наримон Умаров.

Аввалроқ Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ Андижонда ИИБ ходимлари томонидан фуқаронинг қийноққа солинишига боғлиқ мазкур ҳолатни қатъий қоралаганди.

Эслатиб ўтамиз, Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сон ИИБ ходимлари фуқаро А.А.ни ИИБ маъмурий биносига олиб келиб, қийноққа солганлиги оқибатида фуқаро 11 июнь куни Республика шошилинч тез тиббий ёрдам маркази Андижон филиалида вафот этган. Мазкур ҳолат юзасидан Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сон ИИБ ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг 206-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисми ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилган ва 3 нафар ИИБ ходими ҳибсга олинди.

Мазкур воқеа ортидан беш киши, шу жумладан, Андижон шаҳар ИИО ФМБ бошлиғи ишдан олинди, 19 киши жазоланди.