АҚШнинг Миннеаполис шаҳри кенгаши афроамерикалик Жорж Флойдни қўлга олиш чоғида унинг ўлимига сабаб бўлган полиция департаментини тарқатиб юбориш учун овоз берди. Бу ҳақда Star Tribune хабар берди.

Фото: Star Tribune

Шаҳар кенгаши томонидан маълум қилинишича, мазкур қарорни қўллаб-қувватлаш учун берилган овозлар сони зарур ҳолатда шаҳар мэри Жейкоб Фрейнинг ветосидан устун келиш учун етарли ҳисобланади. Аввалроқ шаҳар мэри полиция департаментини тарқатиб юбориш таклифига қарши чиққан.

Қайд этилишича, полиция департаменти ўрнида жамоат хавфсизлиги бўйича махсус дастур тузилади ва у шаҳар кенгаши томонидан мувофиқлаштирилади. Унинг қандай ишлаши ҳозирча номаълум.

Аввалроқ Жорж Флойд вафотидан сўнг Миннеаполис расмийлари полицияга бўғиш усулини қўллашни тақиқлашга қарор қилганди.

Эслатиб ўтамиз, Миннеаполис шаҳри полицияси вакили 25 май куни 46 ёшли афроамерикалик Жорж Флойдни қўлга олиш чоғида уни тутиб, ерга ётқизган ва тиззаси билан бўйнини босган. Полициячи уни шу тариқа узоқ вақт ушлаб туриши Жорж Флойднинг ўлимига сабаб бўлган. Ҳолат акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалгач, АҚШнинг турли ҳудудларида норозилик намойишлари бошланган. АҚШнинг 25 та шаҳрида оммавий норозиликлар сабаб комендантлик соати эълон қилинди.