Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 6 июнь, шанба куни Фарғона шаҳрида бўлиб ўтган фаоллар йиғилишида фаолиятида сусткашликка йўл қўйган Тошлоқ тумани ҳокими ва солиқ бошқармаси бошлиғини вазифасидан озод этиш бўйича кўрсатма берилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
Фарғонанинг Тошлоқ туманига 2018 йил мартидан бери Шуҳратжон Абдусаломов ҳокимлик қилиб келаётган эди. Тошлоқ ҳокими этиб тайинлангунига қадар Абдусаломов тўққиз йил (2009—2018 йилларда) Данғара туманига раҳбарлик қилган, 2007—2009 йилларда Қўштепа тумани ҳокими биринчи ўринбосари сифатида фаолият олиб борган.
2018 йил октябрида Шуҳрат Абдусаломов Тошлоқ тумани ҳокими сифатида вазифаларини бажаришда сусткашликка йўл қўйганлиги, аҳоли муаммоларини ҳал этишда талаб даражасида иш олиб бормаганлиги, «ўзибўларчилик»ка ташлаб қўйганлиги учун вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев томонидан ҳайфсан олгани ҳақида хабар берилган эди.