Ўзбекистонда 6 июнь соат 23:00 ҳолатига кўра, коронавирусга чалинганлар сони 30 кишига кўпайиб, 4094 нафарга етди, дея хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги.
Янги касалланиш ҳолатларининг 19 таси карантин марказидаги (барчаси хориждан келган) фуқаролар орасида, 4 таси Тошкент шаҳрида аҳоли орасида, 3 таси Самарқанд вилоятида коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлган ва карантинга олинган фуқаролар орасида, яна 3 таси Андижон вилоятида (1 таси коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлган, 2 таси эса Қирғизистондан чегара пости орқали келган фуқарода), 1 таси эса Қашқадарё вилоятида ишловчи қозоғистонлик фуқарода аниқланган.
«Ҳозирда мамлакатимизда даволанаётган 809 нафар беморга шифокорларимиз томонидан белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда», — дейилади ССВ ахборотида.
Аввалроқ соат 17:00 ҳолатига кўра, коронавирусга чалинганлар сони 42 кишига кўпайиб, 4064 нафарни ташкил этгани ҳақида хабар берилганди.
Эслатиб ўтамиз, ҳозиргача мамлакатда қайд этилган беморларнинг 3268 нафари бутунлай соғайган, 17 нафари эса касаллик асоратлари оқибатида вафот этган.