Ўтган бир сутка ичида Эронда 3574 нафар одам коронавирус инфекциясини юқтириб олган ва бу 19 февралда мамлакатда эпидемия бошланганидан бери кузатилган рекорд кўрсаткич. Бу ҳақда 4 июнь куни Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили Киануш Жаҳонпур IRINN телеканалидаги эфир вақтида маълум қилган.

Фото: Getty Images

Унинг сўзларига кўра, бир сутка ичида 59 нафар бемор коронавирус инфекцияси асоратлари оқибатида вафот этган, Эронда COVID-19 сабаб қайд этилган ўлим ҳолатларининг умумий сони 8071 тага етган. Мамлакатда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони эса 164 270 нафарни ташкил қилмоқда, эпидемия бошланганидан буён 127 485 киши касалликдан тузалган.

2 июнда Эронда икки ойда қайд этилмаган натижа кузатилган ва шу куни бир сутка ичида коронавирус билан касалланишлар сони 3000 тадан ошиб кетганди. Аввалги антирекорд 30 мартда ўрнатилган ва бир сутка ичида 3186 та янги ҳолат аниқланганди.

Май ойида Эронда бир суткада кузатилган янги касалланишлар сони 802 тагача камайганди.

Эрон Ислом Республикасида COVID-19 коронавируси апрель охиридан чекина бошлаган ва инфекцияга чалиниш бўйича янги ҳолатлар мингтадан камайганди.