Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Сергели туманини Тошкент шаҳар маркази билан боғловчи янги йўл ва кўприк қурилади. Президент Шавкат Мирзиёев 4 июнь, пайшанба куни мазкур йўл ва кўприк лойиҳаси билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, охирги уч йилда Тошкент шаҳрининг Сергели туманида 460 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди. Шу даврда бу ерга 100 мингдан зиёд аҳоли кўчиб келиб, жами аҳоли 276 минг нафардан ошди.

Бунинг натижасида, инфратузилма тармоқларига юклама ҳам ортди. Шу боис бу ерда қўшимча муҳандислик объектлари, туманни шаҳарнинг марказий қисми билан боғловчи йўл ва кўприклар қурилмоқда. Хусусан, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ томонидан қиймати 83 миллион доллар бўлган 7 километр узунликдаги Сергели ерусти метроси ва унинг «Чоштепа», «Тошкент ҳалқа йўли», «Сергели», «Афросиёб», «Қипчоқ», «Чинор» бекатлари барпо этилмоқда.

Таъкидланишича, Президентнинг 29 май куни Сергели тумани фаоллари билан ўтган учрашувида транспорт инфратузилмасини ривожлантириш чоралари муҳокама қилинган. Ўшанда Сергели туманини пойтахт маркази билан боғловчи йўл ва кўприк лойиҳаси ҳақида маълумот берилган. Давлат раҳбари 4 май куни ушбу лойиҳани жойига чиқиб, атрофлича ўрганди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Умумий қиймати 280 миллиард сўмдан зиёд бўлган мазкур лойиҳа Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан Туркиянинг «Калойн» компанияси ҳамкорлигида ишлаб чиқилган. Унга кўра, Чўпонота кўчаси ва Кичик ҳалқа йўли кесишмасида 583 метрлик йўл ўтказгич барпо этилади. Бу чорраҳадан Тошкент ҳалқа автомобиль йўлигача янги кўча қурилиб, ҳалқа йўли остидан туннель орқали ўтказилади ва Қипчоқ кўчасида қурилаётган янги кўприкка туташади. Жами 5,6 километрлик бу йўл соатига 3 мингта транспорт воситасини ўтказиш қувватига эга бўлади.

Таъкидланишича, ҳозирги кунда Сергели туманидан шаҳар марказига келиб-кетадиган автомобиллар асосан битта йўл — Янги Сергели кўчаси орқали ҳаракатланади. Шу боис унда қатнов жуда кўп, юклама катта. Айниқса, эрталаб ва кечга яқин бу кўча тирбанд бўлиб қолади. Ушбу янги йўл ва кўприклар қурилиши натижасида Сергели туманига транспорт қатнови тирбандлиги 50 фоизга, транспорт ҳаракати вақти 20-25 дақиқага камаяди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

«Одамларнинг ҳар кунлик режаларига, кайфиятига, соғлиғига таъсир қиладиган энг катта омил — транспорт тақсимоти. Йўллар қуриб, тирбандликни камайтиришдан мақсад шаҳар аҳолиси ва меҳмонларга қулайлик яратишдир. Бу ишларни бугун қилмасак, йилдан йилга қийинлашиб бораверади. Бугун қилсак, келажакда харажат камаяди», — деди Шавкат Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 29 май, жума куни Сергели туманидаги янги объектларни кўздан кечириш вақтида охирги 3 йилда туманда 19 минг 522 хонадонга мўлжалланган 460 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилгани, 26 та намунавий типдаги маҳалла гузарлари барпо этилгани, бу ерга 100 мингдан зиёд аҳоли кўчиб келиб, жами аҳоли 276 минг нафардан ошганини инобатга олиб, Тошкент шаҳар ҳокимлигига тўғридан-тўғри бўйсунадиган алоҳида Янги ҳаёт кичик туманини ташкил этиш таклифини билдирганди ҳамда мазкур туман ҳокимлигига Ҳаёт Иноғомов номзоди таклиф қилинганди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар