Россиялик олимлар SARS-CoV-2 коронавируси қарши бир неча вакцина устида иш олиб бормоқда. Хусусан, йогурт сифатида қабул қилиш мумкин бўлган вакцина яратилмоқда. Бу ҳақда Россия Фанлар академияси вице-президенти Владимир Чехонинга таяниб, «RG.ru» хабар берди.

Фото: iStock

Мазкур дори воситасини Экспериментал тиббиёт институти олимлари яратмоқда. Вакцина оғиз, аэрозол ёки томчи орқали организмга киритиладиган мукозал турга мансуб. Одатда бу каби дори воситаларида антигенлар микрокапсула ичида бўлиб, у овқат ҳазм қилиш ферментларидан ҳимояланган бўлади.

«Мазкур вакцина сут-қатиқ маҳсулот тури сифатида яратилмоқда. Бугунги кунда у дастлабки синовлардан ўтказилмоқда», — дейди Чехонин.

Бу Россияда яратилаётган ягона вакцина эмас. Айнан ушбу институтда грипп вируси штаммларидан бири иштирокида ген инженерияси ёрдамида коронавирусга қарши комбинациялашган вакцина яратиш устида иш олиб борилмоқда. Вакцина устида иш олиб бораётган олимлардан бири, профессор Лариса Руденконинг сўзларига кўра, бу каби вакцина бурунга томчи томизиш орқали организмга киритилади ва у ҳам COVID-19’дан, ҳам гриппдан ҳимоя қилади.

Май охирларида Россия ЖССТга коронавирусга қарши 8 та вакцинани таклиф қилганди.

Эслатиб ўтамиз, АҚШнинг Moderna компанияси коронавирусга қарши вакцинанинг клиник синовлари биринчи фазаси ижобий натижалар билан тугаётганини маълум қилган. Шунингдек, АҚШда коронавирусга қарши ДНК-вакцина синовдан ўтказилди.