Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бош шифокори Бахтиёр Болтабоев ўз кабинетида ходимларини сўкаётгани акс этган видео тарқалди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур ҳолат бўйича маълумот берди.

Маълум қилинишича, 2 июнь, сешанба куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан хизмат текшируви ўтказилиб, мутахассислар томонидан видеодаги ҳолат ўрганилди. Тошкент вилояти Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бош шифокори Бахтиёр Болтабоевнинг қўл остидаги ходимлари билан ўта қўпол ва ахлоқий меъёрларга тўғри келмайдиган тарздаги суҳбати муҳокама қилиниб, қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чора кўрилган.

«Бош шифокор соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари, мазкур агентлик директори Баҳодир Юсупалиевнинг тегишли буйруғи билан ўз вазифасидан озод этилди», — дейилади вазирлик хабарида.

Қайд этилишича, айни пайтда агентлик томонидан Тошкент вилояти Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази фаолиятини тубдан ўзгартириш, иш самарадорлигини ошириш, ҳудудда санитария ва эпидемиология ҳолатини янада яхшилаш каби вазифаларга қатъий эътибор қаратилмоқда.

Шунингдек, Бахтиёр Болтабоев ўз ходимларидан, ҳамкасбларидан ва касаба уюшмалари ходимларидан узр сўради.

Изоҳ
Асосий янгиликлар