«Наполи» клуби бош мураббийи Женнаро Гаттузонинг оиласи йўқотишга учради.

Фото: Daily Mail

Football Italia нашрининг хабарига кўра, бугун, 2 июнь куни италиялик мутахассиснинг синглиси Франческа Гаттузо 37 ёшида вафот этди. Ҳозирча ўлимнинг аниқ сабаблари кўрсатилмаган. Бироқ маълум бўлишича, марҳума февраль ойида касалхонага ётқизилган ва шу вақтга қадар реанимацияда бўлган.

Воқеа юзасидан «Милан» клуби Гаттузо ва унинг оиласига ҳамдардлик билдирди. Франческа узоқ вақт давомида Милан клубида котиба бўлиб ишлаган. Гаттузо ўзи эса клубнинг афсонаси ҳисобланади.

«Франческа Гаттузо бу касалликни худди, клуб ва мухлисларга ҳар куни улашган куч ва қуввати билан қарши олди. Рино (Женнаро Гаттузо назарда тутилмоқда — «Дарё»), биз сен ва оилангга ҳамдардлик билдирамиз. Алвидо, қадрли Франческа», — дейилади «Милан»нинг Twitter’даги саҳифасида.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!