Супероғир вазн тоифасидаги боксчиларнинг аксарияти баҳайбат спортчилар ҳисобланади. Ушбу тоифада бўйи икки метрли ака-ука Кличколар ҳукмронлигидан сўнг уларнинг ўрнини Деонтей Уайлдер, Тайсон Фьюри ва  Энтони Жошуа эгаллади. Бироқ бу йигитларнинг барчаси бокс тарихидаги энг баланд бўйли (242 сантиметр) спортчи — Гогя Миту (маълумот учун, россиялик собиқ боксчи Николай Валуевнинг бўйи 213 сантиметр эди) билан таққосланса, ёш боладай туюлади. Қуйида айнан Гогянинг болалиги, профессионал фаолияти ва сирли ўлими ҳақида ҳикоя қилинади.

Фото: «Чемпионат»

Болалик ва ёшлик даврлари

Гогя Миту (асл исми Думитру Стефанеску) турли манбаларга кўра, Крайовадан (Руминия) 60 километр узоқликда жойлашган Маршани шаҳрида 1909, 1912 ёки 1914 йилда туғилган. У оилада 11 фарзанднинг энг каттаси эди. Боғча ёшида боланинг бўйи 180 сантиметрга етганди, кўплаб шифокор ва олимларнинг эътиборини жалб қилган патология Митунинг ақлий қобилиятларига асло таъсир ўтказмаганди. Мисол учун, бошланғич мактабга бора олмаган бўлса-да, у мустақил равишда ўқишни ўрганар ва ҳар доим ривожланишга интиларди.

Жисмоний имкониятларини ҳисобга олган ҳолда, Митуда гигантизми орқали иложи борича кўпроқ пул ишлаб олишни ният қилган ишбилармонлар чангалига тушмаслик имконияти оз эди. 17 ёшга тўлганида «руминиялик Голиаф» лақабли улкан йигитнинг шуҳрати бутун қитъа бўйлаб тарқалади, натижада у Прага циркидан таклиф олади.

Кўп ўтмай, Миту машҳур «Глобус» циркида чиқишлар қила бошлайди ва мухлисларга унинг чиқишлари манзур бўлади. Узоқ муддатга цирк артисти бўлиш Миту учун кафолатланганди. Аммо тез орада унинг ҳаётида бокс пайдо бўлади.

Профессионал фаолият

1934 йили Миту чиқишларининг бирида уни италиялик собиқ боксчи Умберто Ланчиа пайқаб қолади. Ланчиа Митуга спорт билан шуғулланишни ва карьера қуришда ёрдам беришни таклиф қилади. Ланчиа унинг жисмоний имкониятларидан ҳайратда эди, боиси ўша пайтда унинг бўйи аллақачон 242 сантиметрга етиб бўлганди (бироқ унинг бўйи борасида бошқа версиялар ҳам мавжуд – 224 см, 236 см, 248 см ва 250 см). Ланчианинг таклифлари Митуни қизиқтириб қўяди ва у циркдаги юқори маошли ишдан воз кечади.

Ланчиа уни Париждаги энг яхши бокс мактабларидан бирига юборади ва бир нечта машғулотлардан сўнг Гогя Миту профессионал рингда ўз омадини синаб кўради.

Миту ва унинг муваффақиятлари тўғрисидаги маълумотлар бир-биридан фарқ қилади. Баъзи манбаларда унинг учта баҳсда муддатдан олдин ғалаба қозонгани айтилса, бошқасида иккита ғалаба ва битта дуранг қайд этилган. Яна бир манбада эса руминиялик боксчининг икки йил ичида тўққизта ғалабани қўлга киритгани таъкидланган. Нима бўлганда ҳам, янги кашф этилган боксчининг карьераси тез суръатлар билан ривожланади. Ҳатто у ҳақида Америка матбуотида ҳам ёзишади, океан ортидаги мухлислар эса унинг жангларини ўз кўзлари билан кўришни хоҳлайди. Аммо афсуски, ўша пайтдаги сирли ҳодисалар бунга йўл қўймади.

Фото: «Чемпионат»

Сирли ўлим

Миту 1936 йилда вафот этади. Ўлимга расмий сабаб деб сил касаллиги деб кўрсатилади. Аслида нима бўлгани ҳақида турли чалкашликлар мавжуд. Баъзи манбаларга кўра, Миту поездда Истанбулдан Бухарестга кетаётган вақтида касал бўлиб қолган. Бошқасида эса поезд Париждан ҳаракатланган дейилади. Темир йўл версиясида айтилишича, Гогя вагон ойнасини очиб, елвизакда шамоллаб қолади. Руминия пойтахтига келгач, у касалхонага ётқизилади. Бир неча кундан кейин эса унинг сил касаллигидан вафот этгани маълум бўлади.

Аммо шифокорларнинг бундай хулосаси боксчининг катта оиласини қониқтирмайди. Биринчи зиддият шундаки, улар шифохонага келишганида Митунинг жасадини ертўлада кўришган, у яна 20 йил давомида сақлашга мўлжалланиб, мумиёланганди.

Иккинчи зиддият – Митунинг киндик атрофида игнадан қолган тўртта из топилади. Бу марҳумнинг заҳарланган бўлиши мумкинлигини билдирарди. Кейинчалик Гогянинг жияни ғайриоддий амакиси ғараз ниятли кимсалар ва мафия вакиллари томонидан ўлдирилганини даъво қилганди.

Бундан ташқари, Митунинг оиласи унга умуман бокс билан шуғулланиш мумкин бўлмаганини айтганди. Боиси болалигидаёқ унинг соғлиғида муаммолар бўлган. Қариндошларининг сўзларига кўра, шифокорлар юрак ва ўпкаси заиф бўлган одамга жанг қилиш учун рухсат беришга ҳақлари йўқ. Спорт билан шуғулланиш гигантнинг ўлимини тезлаштирган, холос.

Таъкидлаш жоизки, ушбу версияларнинг ҳеч бири тўлиқ ўрганилмаган. Дастлаб, Миту она шаҳри Маршанига дафн этилади, 1980 йилда унинг суяк қолдиқлари Крайова университети анатомия кафедраси илтимосига биноан, эксгумация (мурдани суд-медицина экспертизаси учун гўрдан олиш) қилинади. Шундан сўнг у Бухарестга ўтказилади ва кейинчалик Крайовага қайтарилади.

Ҳозирги вақтда Маршани кўчаларининг бирига бокс тарихидаги энг баланд бўйли спортчи номи берилган.

Бошқа мақолалар:

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!