Андижон вилоятининг Булоқбоши тумани «Байналмилал» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Жанубий Фарғона каналининг ГЭС-1 тўғонидан 31 май, якшанба куни тонг соат 06:30 атрофида ёши, тахминан, 60-70 ларда бўлган аёл жасади топилган.

Бош прокуратура матбуот хизматидан «Дарё»га маълум қилишларича, олиб борилган текширув ҳаракатлари давомида жасад Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи С.С. исмли аёлники экани аниқланган (уни укаси Х.Т. таниган).

Маълум бўлишича, аёл 30 май куни уйдан Хўжаобод туманидаги опасиникига бориш мақсадида чиқиб кетиб, аслида Жалақудуқ туманидаги ёшликдан ўзи катта бўлган кўчага борган ва у ерда Жанубий Фарғона каналига ўзини ташлаган.

«Дастлабки терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида С.С. вилоят психоневрология диспансерида даволаниб чиққани ва руҳий хасталиги мавжуд бўлгани аниқланган, диспансерга тегишли сўровномалар юборилган», — дейилади идора ахборотида.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.