Навоий вилояти аҳолиси орасида коронавирусга чалиниш ҳолатлари учраётгани сабаб Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкентдаги шифокорлар гуруҳини вилоятга вирусга қарши курашда ёрдам бериш учун юборди.

Фото: «Дарё»

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Тиббиёт ходимларини касбий малакасини ривожлантириш маркази директори ва Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори ўринбосари бошчилигида юқори малакали шифокор-олимлар, жумладан, эпидемиолог, инфекционист, оториноларинголог, реаниматолог, пульмонолог, жарроҳ ҳамда лаборант-шифокор каби қатор мутахассислардан иборат махсус гуруҳ вилоятга юборилган.

Маълумотларга кўра, айни пайтда вилоятда 119 нафар фуқарода коронавирус инфекцияси аниқланган. Бугунги кун ҳолатига кўра, улардан 12 нафари соғайган бўлса, қолган 107 нафар бемор шифокорлар назорати остида.

Таъкидланишича, вилоятда касаллик, асосан, бешта ўчоқ орқали тарқалганини кўриш мумкин. Жумладан, биринчи катта ўчоқ Зарафшон шаҳрида, иккинча ва учинчи ўчоқлар Хатирчи туманида, тўртинчи ўчоқ Конимех туманида ҳамда бешинчи ўчоқ Томди туманида юзага келган.

Шундан келиб чиққан ҳолда, ҳудудда карантин қоидаларини янада кучайтириш мақсадида Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Ички ишлар, прокуратура ходимлари билан биргаликда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, беморларни даволаш ҳамда карантиндаги фуқароларни тиббий кузатувга олиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, эпидемик вазиятдан келиб чиқиб, асосий ўчоқ бўлмиш, Зарафшон шаҳри «қизил» ҳудуд тоифасига киритилган. Бундан ташқари, 26 май кунида касаллиги аниқланган беморлар (31 нафар) билан мулоқотда бўлган 300 нафарга яқин фуқаро карантинга олинган: шундан 104 нафари уй карантини, 182 нафари эса стационар карантинга жойлаштирилган. Вилоятнинг яна қатор туман ва шаҳарларида ҳам юзлаб фуқаролар уй ва стационар карантинга олиниб, қатъий тиббий кузатувга олинган.

Шунингдек, эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, тегишли махсус комиссия қарори билан 8 майдан бошлаб, босқичма-босқич Зарафшон шаҳридаги 11 та маҳаллада кучайтирилган карантин қоидалари сақлаб қолиниб, транспорт воситаларининг ҳаракатланиши чекланиши белгиланди. Бундан ташқари, Хатирчи туманидаги 6 та маҳаллада ҳам карантин қоидалари кучайтирилган.

Эслатиб ўтамиз, 22 май куни Навоийда аҳоли орасида коронавирусга чалинишлар сони ортиб бораётгани тўғрисида хабар берилганди.

Ўзбекистонда 2020 йил 29 май соат 10:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 3463 нафарни ташкил этмоқда. Мамлакатда шу кунгача беморларнинг 2694 нафари соғайиб, реабилитацияга кузатилган, 736 нафар бемор даволанишда қолмоқда. Улардан 6 нафари оғир, 1 нафари эса ўта оғир аҳволда. Ўзбекистонда 14 киши эса инфекция асоратлари оқибатида вафот этган.