Италия спорт вазири Винченцо Спадафора А Серия ўйинларини давом эттиришга рухсат берди, дея хабар қилмоқда La Gazzetta dello Sport.

Фото: Getty Images

«Италия чемпионати 20 июнда старт олади. Умид қиламанки, 13—20 июнь оралиғида Италия Кубоги доирасидаги баҳслар бўлиб ўтади», — дейди Спадафора.

Таъкидланишича, Спадафора Италия бош вазири Жузеппе Контедан мавсумни 20 июнда эмас, 13 июнда бошлашга рухсат сўраган. А Сериянинг 25-туридан ўрин олган тўртта қолдирилган ўйин мавжуд. Мазкур ўйинларни 13 июнда ўтказиб олиш режа қилинмоқда. 20 июнда эса 26-тур ўйинлари бошланади.

Шунингдек, 13 июнь куни Италия Кубоги ярим финалининг жавоб ўйинларини ўтказиш ҳам режалаштирилган. Мусобақа жуфтликлари қуйидагилар: «Наполи» — «Интер» (1:0 — илк ўйин) ва «Ювентус» — «Милан» (1:1 — илк ўйин).

Аввалроқ А Серия раҳбарияти мавсумни 13 июндан қайта давом эттириш режасини амалга ошириш ниятида экани хабар қилинганди.

Ўйинлар томошабинларсиз бўлиб ўтади. Агар клубнинг бирор футболчиси ёки ходимида коронавирус аниқланадиган бўлса, у ҳолда бутун жамоа 14 кун мобайнида ўз базасида карантинга олинади.

Эслатиб ўтамиз, Италия чемпионати коронавирус пандемияси сабаб 9 март куни тўхтаб қолганди.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!