Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 25 май куни ўтказилган транспорт соҳасининг барқарор ишлашини таъминлаш ва изчил ривожлантириш масалалари бўйича йиғилишда аҳолининг темир йўл ва авиақатновларнинг маҳаллий йўналишда тикланганига ижобий муносабат билдиргани қайд этилган, «Ўзбекистон темир йўллари» ҳамда Uzbekistan Airways’га ички рейслар сонини ошириш бўйича топшириқлар берилган.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Карантин чекловлари туфайли транспорт корхоналари 340 миллиард сўм миқдорида зарар кўрган. Эпидемиологик вазият барқарорлашмаса, ушбу рақам яна ошиши мумкин.

«Таътиллар бошланмоқда. Босқичма-босқич одатий ҳаётга қайтиш керак. Лекин одамлар транспорт, темир йўл ва авиатранспортсиз ўз манзилига етиб олишга қийналади. Хавфсизликни таъминлаб арзон рейслар таклиф қилинса, бундан ҳамма мамнун бўлади», — деган Шавкат Мирзиёев.

«Ўзбекистон темир йўллари» раиси вазифасини бажарувчи Ҳусниддин Ҳосилов апрелда темир йўл орқали юк ташиш ҳажми 30 фоизга ошганини маълум қилган.

Йўловчи ташишда эса поездларда пассажирлар сиғимини ошириш вазифаси юклатилди. Карантин сабаб поездларда йўловчиларнинг жойлашуви вақтинча ўзгартирилганди. «Афросиёб» поездлари 286 ўринли бўлса, улар 156 нафар йўловчига мослаштирилган.

«Бугун карантин чекловлари сабаб поездларнинг йўловчи сиғими 50 фоизга қисқарган. Лекин бу чекловлар босқичма-босқич юмшатиб борилади. Биз кўрсаткични 100 фоизга етказиш бўйича таклифлар ишлаб чиқамиз», — деган Ҳусниддин Ҳосилов.

Uzbekistan Airports раиси вазифасини бажарувчи Равшан Исмоилов авиация орқали юк ташиш ҳажмини 2-5 бараварга ошириш режалаштирилганини билдирган.

«Аэропортларда авиацион бўлмаган фаолиятни амалга ошириш, яъни хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш зарур. Аэропортлар ишига давлат-хусусий шерикчилик асосида ички бошқарувни жалб қилиш лозим», — деган у.

Аввал Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 25 майда ўтказилган транспорт соҳасининг барқарор ишлашини таъминлаш ва изчил ривожлантириш масалалари бўйича йиғилишда «Ўзбекистон темир йўллари» таркибидаги носоҳавий корхоналар оптималлаштирилиши, Тошкент—Андижон пуллик автомобиль йўли лойиҳаси бўйича тендер эълон қилиниши, Ўзбекистондаги 4 та аэропортни давлат-хусусий шерикликка, Uzbekistan Airways’ни хорижий компания бошқарувига бериш режалаштирилаётганлиги юзасидан хабарлар берилганди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар