АҚШ ҳукумати COVID-19 пандемияси вақтида Марказий Осиёда меҳнат муҳожирларини ҳимоя қилишга 2 миллион доллар ажратади. Лойиҳа доирасида уларга юридик ёрдам кўрсатилиб, муқобил турмуш тарзи қўллаб-қувватланади. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонасига таяниб, «Gazeta.uz» хабар берди.

Фото: «Дарё»

Маълум қилинишича, АҚШ ҳукумати Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали COVID-19 пандемияси даврида Марказий Осиёда муҳожирларни ҳимоя қилиш учун 2 миллион доллар ажратади.

«COVID-19 пандемияси Марказий Осиёдаги миллионлаб муҳожирларнинг гуманитар ва молиявий инқирозига олиб келди, уларнинг аксарияти Марказий Осиё бўйлаб транзит ва ўтиш жойларида қийинчиликларга дуч келмоқда», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, иш ва четдан юборилаётган пул маблағларини йўқотиш оилаларни тегишли ресурсларсиз ҳамда ҳуқуқий ҳимоясиз қолдирди. Шунингдек, мигрантлар ўзларини вирусдан қандай ҳимоя қилиш тўғрисида маълумот ва ресурсларга эга эмас.

USAID «Марказий Осиёда хавфсиз миграция» лойиҳаси доирасида жуда зарур бўлган ёрдамни тақдим этади, шу жумладан ахборот манбалари билан таъминлайди, асосий хизматларга йўлланмалар беради, муқобил турмуш тарзини қўллаб-қувватлайди, муҳожирларга ушбу қийин вазиятни енгишда ёрдам бериш учун кўникмалар ва тренинглар ўтказади. Шунингдек, лойиҳа юридик ва психологик ёрдам кўрсатиш орқали муҳожирларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилади.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги USAID коронавирусга қарши кураш учун Ўзбекистонга февраль, март ва апрель ойларида ёрдам кўрсатди. Бундан ташқари, АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази (CDC/CAR) Марказий Осиё ҳукуматларининг COVID-19’га қарши саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 6,8 миллион доллар ажратди, бунинг 2,07 миллион доллари эса Ўзбекистонга берилди. Шунингдек, COVID-19 пандемиясига қарши кураш бўйича комплекс чора-тадбирлар доирасида АҚШ ҳукумати USAID орқали Ўзбекистонга қўшимча 3 миллион доллар ажратиши маълум қилинди.