Австралиянинг Свинберн технология университети ва Мельбурн қироллик технология университети (RМIТ) тадқиқотчилари тармоққа уланиш тезлиги бўйича янги рекорд ўрнатди, деб хабар беради The Verge.

Фото: PC-Таblet

Олимлар ишининг натижаларига кўра, улар 44,2 Тб/сония тезликка эришишга муваффақ бўлган. Назарий жиҳатдан, бу бир сонияда 100 гигабайт ҳажмга эга 50 та Blu-ray дисклари учун Ultra HD сифатли контентни юклаб олиш учун етарли.

Эътиборли жиҳати, лойиҳа муаллифлари бу каби юқори тезликдаги сигналга узунлиги 75 километрга тенг оддий оптик толали кабелга интеграциялашган биргина микросхема ёрдамида эришган.

«Бизнинг тадқиқотимиз National Broadband Network лойиҳаси сабаб ер остидан тортилган толанинг имкониятларини кўрсатиб берди. Биз келажакдаги истеъмоллар учун кенг кўламли маҳсулот яратдик», — дейди тадқиқотнинг етакчи муаллифларидан бири Билл Коркоран.

Бу турдаги сигнал даражасига эришишда маълумотлар алмашинувининг анча самарали усулини тақдим этувчи Micro-comb технологияси ёрдам берган. Олимларнинг айтишича, Micro-comb кабеллар билан бирга дала синовларида фойдаланилган.

Эндиликда олимлар ўз ихтиросини мавжуд инфратузилма шароитига мослаштириш ниятида.

Агарда мазкур технология қачондир тўлақонли фойдаланишгача етиб борса, уларга биринчи бўлиб дата-марказлар эга бўлади. Потенциал нархнинг арзонлашуви оддий фойдаланувчилар учун қулайлик яратиши мумкин, бироқ уларга бу каби тезлик керак бўлмаса керак.

Сўнгги маълумотларига кўра, Ўзбекистонда аниқланган интернет тезлиги 2,3 баробарга ўсган – 11,62 Мбит/сониядан (2019 йил март ҳолатига кўра) 26,92 Мбит/сониягача (2020 йил март ҳолатига кўра).