Самолёт ва автомобилни бирлаштириш кўп маротаба амалга оширилган. Айримлар автомобилни учишга мажбур қилган бир вақтда, бошқалар самолётда кўча йўллари бўйлаб ҳаракатланишни истаган. Шундай қилиб, 2004 йилда Boeing 727 Jet Limo лимузини пайдо бўлган. Унда умумий фойдаланишдаги йўллар бўйлаб қонуний ҳаракатланиш мумкин, деб ёзади CARakoom.

Фото: CARakoom

Қачонлардир у йўловчиларни ташишга мўлжалланган Boeing 727-24S реактив самолёти бўлган. Унинг қанот ва думлари кесилиб, Mercedes-Benz автобусининг шассисига ўрнатилган.

Мазкур лимузинни яратишдан мақсад автомобилда саёҳат қилишнинг янги, бироқ ҳашаматли усулини топиш, шу билан бирга, парвозлар учун яроқсиз бўлган самолётдан фойдаланиш бўлган.

Ноодатий лимузин ҳозирда Қўшма Штатларда сақланмоқда. Аммо у Мексиканинг Гвадалаҳара шаҳрида ясалган. Уни қуришга масъул бўлган компаниянинг номи — VACA Limousines. Бу лимузинлар қуриш ва уларнинг ижараси билан шуғулланувчи мамлакатдаги йирик компания ҳисобланади.

Фото: CARakoom

Қанчадир муддат давомида ушбу лимузин уч соатлик сайр учун 1000 доллар эвазига ижарага берилган. Таъкидланишича, унинг тезлиги 200 км/соатга қадар етган, бироқ суратлардан бунга ишониш қийин.

Кабинанинг асосий қисми сақлаб қолинган, аммо штурвал ўрнини рул эгаллаган. Оғирлиги 11 тонна бўлган 16 метрли лимузин Mercedes-Benz’нинг турбодизель двигатели ёрдамида ҳаракатга келади.

Фото: CARakoom

2007 йилда лимузин eBay орқали сотувга қўйилган. Кейинчалик у 40 кишига мўлжалланган тунги клубга ҳам айлантирилган.

Маълумотларга кўра, лимузин 275 минг долларга сотилган ва ҳозирда у Лимо Боба лимузинлар флотининг бир қисми ҳисобланади.

Фото: CARakoom