«Тоттенҳэм» бош мураббийи Жозе Моуриньо 2010 йилда «Интер»дан «Реал» бошқарувига йўл олганини ёдга олди. Мутахассис «Барселона»га қарши кечган Чемпионлар Лигаси 1/2 финал жавоб баҳсидан кейин Миланни тарк этиш қарорига келган.

Фото: Getty Images

«Барселона»га қарши жавоб ўйинидан кейин қарор қабул қилдим, сабаби Чемпионлар Лигасида ғолиб чиқиш арафасида эканимизни билгандим. Буни Мораттига айтгандим. Ўйиндан сўнг у билан қучоқлашдик, у кетишга ва бахтли бўлишга ҳаққим борлиги айтди. Бироқ мен Миланда Мадриддагидан бахтли эдим», — дейди Моуриньо.

Айрим хабарларда Жозе Чемпионлар Лигаси финалидан аввал «Реал» билан шартнома имзолаб қўйгани ҳақида айтилади, бироқ португалиялик мутахассис уларни инкор этди.

«Агар финалдан сўнг исмимни айтиб куйлаётган мухлислар билан Миланга қайтганимда, балки, у ердан ҳеч қачон кета олмасмидим...

Мен Мадридга кетишни истадим. Улар бир йил аввал мени чақиришганди, Мораттига бу ҳақида айтганман, бироқ у мени қолишга кўндирганди. «Челси»ни бошқараётган пайтимда ҳам «Реал» таклифини рад этганман, аммо мадридликларга учинчи марта «йўқ» деб бўлмайди», — дея қўшимча қилди Жозе.

Моуриньо 2009/10 йилги мавсумда «Интер» билан А Серия, Италия Кубоги ва Чемпионлар Лигаси ғолиблигини қўлга киритган ҳолда «требл» қайд этади. Мавсум якунлангач у «Реал» бошқарувига тайинланади. 2013 йилга қадар испан грандини бошқарган Моуриньо Ла Лига, Испания Кубоги ва Суперкубогида зафар қучган.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!