Хитойда яшовчи эр-хотин 30 йил аввал йўқолган ўғлини топди. Болани кичкиналигида ўғирлаб кетишган, уни топишга юзни таниш технологияси ёрдам берди. Оила тарихи BBC нашрида эълон қилинди.

Фото: BBC

1986 йилнинг 23 февралида Сиань шаҳрида яшовчи Мао Чжэньцзин ва унинг рафиқаси Цзинчжи Лининг оиласида ўғил фарзанд дунёга келди. Болага Мао Инь деб исм қўйилди.

1988 йилнинг октябрь ойида ота ва бола боғчадан қайтаётганди. Шунда бола отасидан сув олиб беришни сўради. Ота ва бола меҳмонхонага кираверишда тўхтади, эркак бир дақиқага ўгирилганида бола йўқолган эди.

Фото: BBC

Болани бир неча йил мобайнида излашди. Унинг онаси ишдан бўшаб, ўзини ўғлини излашга бахшида этди. Аёл бир неча ҳудудларни кезиб чиқди, ўғлининг расми ёпиштирилган эълонлар тайёрлади. Бироқ ҳаммаси муваффақиятсиз бўлди.

Ўтган вақт ичида полиция ҳам болани излашда давом этди. Апрель ойи бошида полицияга 34 ёшли эркак ҳақидаги маълумот келиб тушди. Уни Сичуанда яшовчи эр-хотин бир неча йил аввал асраб олган.

Полициячилар эркакни топишда юзни таниш технологияси ёрдам берганини сўзлаб берди.

Кичкина Мао Иннинг сурати махсус дастур ёрдамида кексайтирилди. Сўнг сурат миллий маълумотлар базасида унинг ёшидаги эркакларнинг сурати билан солиштирилди.

Қариндошлик алоқасини аниқлаш учун эркак ва боласини излаётган ота ўртасида ДНК тести ўтказилди. Натижа уларнинг ота ва бола эканлигини кўрсатди.

Фото: BBC

Маълум бўлишича, болани кўп йиллар аввал фарзандсиз оилага олти минг юань эвазига сотишган. Уни асраб олган ота-онаси болага Гу Ниннин деб исм қўйган.

Эркакнинг ҳақиқий онасига унинг топилганини Хитойда оналар куни нисонланадиган 10 май куни айтишди. «Бу ҳаётимдаги энг яхши совға», — дейди аёл.

Хитойда болаларни ўғирлаш муаммоси анчадан бери бор. BBC’нинг 2015 йилги маълумотларга таяниб ёзишича, мамлакатда ўрта ҳисобда йилига 20 минг нафар бола ўғирланади.

Фото: BBC

Фото: BBC