Facebook ва Instagram ижтимоий тармоқларда бепул дўконлар очиш имконини берувчи Shops сервисини ишга туширади. Бу ҳақда Facebook асосчиси Марк Цукерберг маълум қилди.

Фото: Legion Media

Дўкон эгалари товарлар витринасини яратиши ва уларни қандай жойлаштиришни танлаши мумкин. Бундан ташқари, тез орада сотувчиларда жонли эфирда реклама қилишни истаган товарни алоҳида белгилаб кўрсатиш имкони ҳам пайдо бўлади.

Товарлар жонли эфир пайтида экраннинг пастки қисмида кўриниб туради. Харидорларга ҳам ўзларини қизиқтирган товарни топиш осон бўлади.

«Биз кичик бизнесга пандемия шароитига мослашишга ёрдам берамиз. Одамларга ҳам ўзи излаган нарсани тез топиб, сотиб олиш имконини яратамиз. Айни пайтда кичик корхоналар қийинчиликни бошдан кечирмоқда. Дўконлари ёпилганидан сўнг тобора кўпроқ одамлар бизнесини интернетда ривожлантириш ниятида», — дейди Цукерберг.

Сотувчи харидор билан WhatsApp, Messenger ёки Instagram Direct’да гаплашиши мумкин. Келгусида компания ушбу мессенжерларга витринани кўздан кечириш ва савдо қилиш функциясини қўшиш ниятида.

Бундан ташқари, сотувчи ва харидор учун яна бир нечта қулайликлар яратилиши режалаштирилмоқда.