ХХ аср ўзбек адабиёти тарихида зиддиятли адиблар бисёр. Ана шундай шахслардан бири — шоир Боту — Мақсуд Ҳодиевдир. «Дарё» колумнисти Жаҳонгир Остонов шоирнинг ҳаёт йўли ва қатағон йиллари ҳақида ҳикоя қилади.
Ҳаёт йўли
Боту 1904 йилнинг 15 май (баъзи манбаларда 16 май) куни Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур даҳасидаги «Қатортерак» маҳалласида дунёга келган. Отасининг исми Мақсуд ака, онаси — Тўхта ая. Дастлабки хат-саводини олти ёшида эски усулдаги мактабда, кейин эса рус-тузем мактабида ўқиди. 1914—1917 йилларда ўқитувчилар тайёрлайдиган курсларда, 1921—1927 йилларда Москва давлат унивеситетида иқтисодчи йўналиши бўйича таҳсил олди. Москвада ўқиб юрганида аёли Валентина Петровна Василева билан танишиб турмуш қуради. Турмушидан бир ўғил ва бир қиз дунёга келади. Ўғлининг исми Эркли, қизининг исми эса Наима. Иккала фарзанди ҳам келажакда тиббиёт соҳасининг етук мутахассислари бўлиб етишади.Боту ижодий фаолиятини 1920 йилларда бошлади. 1921 йилда «Фарғона» газетасида муҳаррирлик қилди. Бу ҳақида академик Наим Каримов қуйидагича ёзади: «Шу мураккаб даврда Боту сингари илғор ёшларни ўз таъсир доирасига тортмоқчи ва келажакда улардан сиёсий мақсадларда фойдаланмоқчи бўлган бошқа кучлар ҳам йўқ эмас эди. Шундай кучлар туфайли у 1921 йилда ‘Фарғона’ газетасига муҳаррир этиб тайинланди. 1922 йилда эса Москвага Проковский номидаги институт қошидаги ишчилар факультетитга ўқишга юборилди. Боту ўқишни тугатгач 1923—1927 йиллар давомида 1-Москва давлат университетининг ижтимоий факультети иқтисод йўналишида таҳсил олди» (Боту, Танланган асарлар, 5—6-бет, «Шарқ», Тошкент, 2004).
Ботунинг ижодий фаолиятига Москвадаги йиллар катта таъсир кўрсатди. У ерда Боту замонасининг етук адиблари Фитрат ва Чўлпонлар билан мунтазам алоқа қилиб борди. Ҳатто Чўлпон унинг ўғлига исм қўйиб берди. Фитрат уни адабиёт билан шуғулланишга ундагани ҳақида ўзининг тергов материалларида қайд этиб ўтган.
1925 йилда унинг илк шеърий тўплами «Умид учқунлари» номи остида Тошкентда нашр этилди. Кейинги тўплами эса 1929 йилда «Тўлқин учқунлари» номи билан нашрдан чиқди. Шеърларида миллатни ривожланишга, илм олишга, маърифатга чақириқ етакчилик қилган. Ўзбекистон миллий энциклопедиясида унинг ижоди жадидларнинг етукларидан Мунавварқорининг ижодидан илҳом олганлиги қайд этилган. 20 йиллар охирида Коммунистик партиянинг «Аланга» журналида бош муҳаррирлик қила бошлайди. Боту Ўзбекистонда араб алифбосидан лотин алифбосига ўтиш тарафдорларидан бири бўлган. Боту Туркистон ва Ўзбекистонда сиёсий жараёнларда ҳам фаол иштирок этган ва унинг шоирлиги халқ орасида машҳурлик олиб келган эди. Шунинг учун ҳам унинг ишчилар факультетини тугатиб, Тошкентга қайтиши матбуотда катта шов-шув бўлган.
«Туркистон» газетасининг 1923 йилги 21 июль сонида «Ўртоқ Боту Туркистонга қайтди» сарлавҳали мақоласида қуйидагилар келтирилади: «Ёш шоиримиз ўртоқ Боту бу йил Московдаги биринчи ҳукумат дорилфунуни ишчилар факультетини битирди. Бу факультет Русия ўрта мактабларининг биринчиси саналадур… Қизил Русиядаги ишчи-деҳқонларининг ўрта мактабини битирган ўзбек ёшларидан ўртоқ Боту биринчигинадир. Ўртоқ Боту биринчи ҳукумат дорилфунунининг иқтисод факультетига ўқишга кирдики, келгусида иқтисодчиларимиздан бири бўлғусидир».
Кейинчалик иқтисод бўлимини тугатиб келганидан кейин эса у ҳақида «Ер юзи» газетаси ҳам 1927 йил 18-сонида мақола чоп этади: «Боту Ҳодиев Московда давлат дорилфунунининг иқтисод факултасини яқинда битириб, Ўзбекистонга келди. Бу йил Ўзбекистонда ишлаб, диплом ишини бажаради. Ўртоқ Боту ҳозир Самарқандда Марказий фирқа қўмитасининг ихтиёридадир. Боту ўзбеклар орасида иқтисод факултасининг тўнғич боласидир» (Боту, Танланган асарлар, 10—11-бет, «Шарқ», Тошкент, 2004).
Боту қайтганидан кейин сиёсий фаолиятга киришди. 1927 йилда Ўзбекистон компартиясининг марказий қўмитасида инструктор, Самарқанддаги марказий партия мактабида воиз ва раҳбар вазифасини бажарди. Кейин марказқўмнинг матбуот бўлимига мудир бўлди. Сиёсий фаолиятда компартиянинг бир қатор комиссиялари таркибида, жумладан, ғайридиний комиссия ва аёллар озодлик комиссиялари таркибида фаолият олиб борди.
Унинг сиёсий фаолияти ҳақида академик Наим Каримов қуйидагича фикр билдиради: «Шу йилларда республика раҳбарларининг умид кўзи Ботуга қаратилган эди. Улар Ботуни партиявий ишларда пишитиб, сўнг республика миқёсидаги юқори мартабаларга кўтариш ниятида эдилар. Унинг 1929 йил 28 августда Халқ маориф коммиссари ўринбосари этиб тайинланиши ҳам шу мақсаддаги дастлабки қадамлардан эди» (Боту, Танланган асарлар, 11-бет, «Шарқ», Тошкент, 2004). Шунингдек, 1930 йилда Ўзбекистон компартияси марказий қўмитасининг ташвиқот-тарғибот бўлими бошлиғи лавозимида ҳам фаолият юритди.
Қатағон исканжасида
1930 йил 23 июлда Боту ўзи садоқат билан хизмат қилган ва катта ишонч билдирган тузум уни туҳмат билан қамоққа олди (Маҳмудова, Наима. Жизн — по плечу. Ташкент, 2008). Унга «Халқ маориф комиссарлигида аксилинқилобчи ва миллатчилар гуруҳинг раҳбари» деган жиддий айб қўйилди. Ёз ойида қамоққа олингани учун Москвага олиб кетилганида юпқа кийимларда бўлгани Ботунинг ўзи шундоқ ҳам дардманд баданига Россия совуғи жиддий хавф солади. Қамоқда ётганида бир неча бор ОГПУ бўлими раҳбарига айбсиз экани ҳақида ёрдам ва мурувват сўраб хат ёзади. Шу хатлардан бир қанчасини қуйида кўришингиз мумкин.Бутирка қамоқхонасида ётган кезларида ёлғизликда турли хаёлларни бошидан ўтказади. Устозлари ва маслакдошларининг хатти-ҳаракатларини қайта-қайта таҳлил қилиб, уларда миллатчилик ва аксилинқилобчилик унсурларини топади. Ҳатто ўзининг Совет давлати олдидаги гуноҳларини тан олувчи, Ўзбекистондаги миллатчилик ва аксилинқилобчилик руҳидаги ҳаракатларни қораловчи асарлар ёза бошлайди. У терговчи номига ёзган бир хатида ҳатто бундай сўзларни айтади:
Тергов ҳужжатларидан хулоса қиладиган бўлсак, Ботунинг Халқ маориф комиссарлигида «ин қурган» миллатчилар ва аксилинқилобчилар ҳақида маълумот бериши эвазига унга озодлик қилган бўлишлари мумкинлиги англашилади. Озод бўлиш умиди билан шундай руҳдаги асарлар ёзганини ҳам тахмин қилиш мумкин.
Ёзувчи Набижон Боқий ўзининг Абдулла Қодирий ҳаётига бағишланган «Қатлнома» ҳужжатли қиссасида Боту ҳақида қуйидагиларни келтиради:
Ёлғончи сиёсатнинг, Мунофиқ Ғоянинг ишваларига учиб, алданиб қолган ўзбек зиёлиларининг «типик шароитдаги типик» вакили Маҳмуд Ҳодиев — Ботудир. У истеъдодли шоир ва миллатпарвар фуқаро эди. Бироқ умрининг охиригача ‘алоҳида олинган мамлакатда ғалабага эришган инқилоб’нинг асл моҳиятини англай олмади — тумтароқли, жимжимадор алвон шиорлар ақл-ҳушини ўғирлади; инқилоб туфайли ‘бузилғон ўлка’нинг ҳолига йиғлаган Чўлпон каби маслакдошларига ‘синфий вазиятда’ туриб зарбалар берди ва «тузалғон ўлкага» бағишлаб қасидалар битди, қасидагўйлик анъанасини Ғайратий каби ёш шоирларга мерос қилиб қолдирди.Дастлаб ўлим жазосига ҳукм қилинди, кейинчалик 1933 йил 31 март куни унга қўйилган жазо 10 йиллик озодликдан маҳрум этиш жазоси билан алмаштирилади. Бир қатор бошқа маҳбуслар билан бирга Соловец оролларига сургун қилинди. У ерда Совет Иттифоқининг келажакдаги қатағон қурбонлари учун биринчи концлагери ишга тушади. Шимолий Муз океанида жойлашган мазкур оролдаги концлагерда дастлабки йиллардаёқ кўпчилик маҳбуслар қирилиб кетади.Тўғри, 20 йиллар долғали, болғали эди, унча-мунча сиёсатдон ҳам, шоир-ёзувчи ҳам осонликча калаванинг учини топа олмасди. Аммо инқилоб шамоли қаёққа қараб эса бошлаганини билиш учун уста сиёсатдон, мингта чиғириқдан ўтган қаламкаш бўлиш шарт эмас, бунинг учун халқ додига қулоқ солиш, юрт аҳволига кўз қирини ташлаш кифоядир. Кифоя эди... Бироқ «жаҳон инқилоби арафасида» осмони фалакка тинимсиз отилаётган мушаклар товуши қулоқларни битириб, ёғдуси кўзларни қамаштириб қўйган эди... Афсуски, иккинчи тўлқин пайтидаёқ Боту ҳам Тегирмонга тушиб кетади.
«Қатлнома», Набижон Боқий, Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа бирлашмаси, 1992
Боту қамоқда экан, унинг оиласи ҳам ташвишлар гирдобида қолди. Жумладан, мактабда ўқийдиган ўғли Эркли «халқ душманининг боласи» сифатида ўқитувчиси томонидан изза қилинади ва мактабдан ҳайдалади. Бу ҳақда Владимир Фетисов «Боту болалари» очеркида қуйидаги воқеани ҳикоя қилади:
1937 йилнинг кузида ўзбек тили ўқитувчиси Мунаввар Аҳмаджоновна синф хонасига кириб шундай дейди: «Болалар, ҳукуматимизда хақл душманлари бор экан: Акмал Икромов, Файзулла Хўжаев, Дмитрий Манжара. Мана, синфимизда Эрик (Эркли) бор. У яхши бола, аълочи бола, ақлли бола, аммо унинг отаси ҳам халқ душмани. Улар юртимизга бойлар, капиталистлар, буржуазия ва ‘босмачилар’нинг қайтишини исташяпти». Эркли бу сўзларни тинглаб чидаб туролмайди ва партадан бир тахта қўпариб олиб, ўқитувчининг юзига зарба беради.Кейинчалик Эркли ҳам халқ душманининг ўғли сифатида, аёли Валентина ҳам турли муддатларда қамоққа ташланади. 1946 йилда Эркли, 1950 йилда Валентина қамоқдан чиқади ва улар Хивада яшай бошлайди. 1958 йилда Валентина тўла оқланади.
Соловец оролларида олти йиллик азоб-уқубатдан кейин, 1937 йилда Боту Москвага, Сталин номига хат ёзади. Ёзувчи Набижон Боқий тергов материаллари асосида ёзилган «Қатлнома» қиссасида унинг мазкур хатини ҳам келтириб ўтади. Мана ўша хат:
Мен Ўзбекистондаги миллатчилик ташкилотининг раҳбари ким эканини биламан, агар Тутқунгоҳдан чиқарилиб, камина Тошкентга олиб борилса, жамики «халқ душманлари»ни фош этиб ташлардим, фақат олдиндан қўлимга уларнинг рўйхати берилса бас, шундай қилиб қуммунистик виждоним олдида ўзимни оқлашни истайман!Афсуски, Совет маъмурияти Ботудан хўрак сифатида фойдаланди. Унинг озодлик учун қилган барча уринишлари беҳуда кетди. 1937 йили янги очилган иш билан махфий равишда Тошкентга олиб келинди ва яна Москвага олиб борилиб терговга тортилди, 1938 йил 9 май куни отиб ташланди. Ўзбек адабиётининг умидли шоирларидан бири шу тариқа тарих саҳнасидан ўчириб ташланди.
Боту замондошлари хотирасида
Тарихда ўтган ҳар қандай шахс ҳақида холис баҳо беришда тарихий ҳужжатлар ва замондошлар хотираларини синчиклаб ўрганиш мақсадга мувофиқ бўлади. Боту шахсиятига баҳо беришда ҳам унинг замондошларидан баъзиларининг у ҳақида айтган фикрларига назар ташлайлик. Бунда «Шарқ» нашриётида чоп этилган «Боту. Танланган асарлар» китобига мурожаат қиламиз.Қатағон тузини тотган, умрининг чорак асрини қамоқхоналарда ўтказган Лазиз Азиззода шоир ҳақида шундай ҳикоя қилади:
Ботунинг руҳида зариф бир туйғу, нозик ҳис, одамийлик бор эди. Халққа хизмат қилиш ғояси унинг миясидан кенг ўрин олганди. У роҳатни, завқни меҳнаткашларга хизмат қилишдан олган… У ёшлик чоғиданоқ, жамоат ишларига жўшқин муҳаббат билан киришди ва тезда жамоат арбоблари орасида ўзига муносиб ўрин топди. Мен Ботунинг сиймосида доимо бир инсоний севги ва фидойиликни сезардим.30 йилларда Йўқсул тахаллуси билан ижод қилган шоир Баҳром Иброҳимов Боту ҳақида қуйидаги қизиқ воқеани сўзлаб беради:
Улар мактаб ва болалар уйларини текшириш учун Самарқанддан Тошкентга келганларида Боту бир бола билан танишиб қолган. Болалар уйида тарбияланаётган бу боланинг илк шеърларини эшитиб, уларни ўзи муҳаррирлик қилган «Аланга» газетасида чоп эттиради. Кейинчалик ўзбек шоирлари орасида муносиб ўрин эгаллаган бу боланинг исми Ҳасан Пўлатдир.Тарих фанлари номзоди Очил Қодиров эса Боту ҳақида шундай фикрларни айтади:
Шоир Боту билан 1926 йил май ойида Москвада танишганман. У жуда серғайрат, қарашлари маънодор, теран фикрли инсон эди. У рус тилида ҳам жуда яхши шеърлар ёзарди. Сира эсимдан чиқмайди, бир шеъри қамоқда ётган маҳбуслар орасида қўлма-қўл бўлиб кетди. Оз муддат қамалган бўлсам-да, унинг шеърини ёдлаб олган эдим. Боту Халқ маориф комиссарлигида оз муддат ишлаган бўлишига қарамай, вилоятнинг ўзида ўндан ортиқ шаҳар ва қишлоқ мактабларининг очилишида ташаббускор бўлди. Боту ўта пухта ўйлагани ва кенг фикрлагани учун ҳам тенгқурлари орасида катта ҳурмат ва эътиборга эга эди. Боту ёш бўлса ҳам, Фитрат, Чўлпон, Элбек каби улуғлар билан тенглаша оладиган кучга эга шоир эди.Юқоридагилардан кўриниб турибдики, Боту замондошлари орасида ҳам каттагина ҳурматга сазовор бўлган. Мақоламизга эса унинг ижоди ҳақида тасаввур пайдо бўлиши учун унинг қаламига мансуб қуйидаги сатрлар билан якун ясаймиз:
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.Ёз куни
Қиш куни ўтиб, ёз куни келди,Ер юзин олган қорлар тугалди.
Ҳар ким эгнидан пахталик тушган,
Юпқа кийимлар, боқинг, кийилган.
Чечак очилди боғларда бу кун,
Булбул чиқарар ёқимли бир ун.
Бутун оғочлар чиқарди япроқ,
Улуғ Тангрининг қудратига боқ.
Қушлар сайрашув оғочга қўниб,
Ҳар кимни кўрсанг, юрар шодланиб.
Ғир-ғир шамоллар юзга урарлар,
Кўнгилга қандай шодлик берарлар.
Қиш ўтди эмди, эй туронликлар,
Битсин ялқовлик, туркистонликлар!
1919 йил, 24 июнь
Изоҳ (0)