Сингапур университети олимлари апрель ойида COVID-19 коронавируси эпидемиясининг турли мамлакатларда қачон якунига етиши борасидаги тахминий саналарни эълон қилганди. «РИА Новости»нинг хабар беришича, вазият тез ўзгараётгани туфайли улар бу борадаги барча прогнозларини бекор қилди ва сайтдаги графикаларни ўчириб ташлади.

Фото: Reuters

Унинг ўрнига бошқа тадқиқот марказларининг моделларини кўриш тавсия этилган бўлиб, шундай марказларнинг бир нечтасига ҳаволалар берилган.

Олимлар 131 та давлат бўйича маълумотларни ўрганиб чиққанди. Тадқиқотчилар прогнозлашда инфекция билан касалланишга мойил одамлар сони, беморлар сони ва касалликдан тузалганлар сони, шунингдек, ижтимоий мулоқотлар интенсивлиги ҳисобга олинган SIR-математик моделидан фойдаланган.

Хусусан, Ўзбекистонда эпидемия 24 май куни, Қозоғистонда 2 август куни ва Қирғизистонда 6 июнь куни тугаши прогноз қилинганди. 3 май куни тақдим этилган навбатдаги прогнозда эса бу давлатлар бўйича маълумотлар берилмаган.

Россияда эса коронавирус эпидемияси август ойида тугаши прогноз қилинган. Дмитрий Песков эпидемия тугашининг аниқ санасини олдиндан айтиб бўлмаслигини таъкидлаб, «Агар сингапурлик олимларда бу борада бошқача фикр бўлса, уларга қўнғироқ қилиб сўрашни маслаҳат берамиз», деб айтганди.

Тадқиқот муаллифлари ушбу моделнинг фақат назарий ва илмий мақсадларда ўйлаб чиқилганини билдирган ва маълумотни ўқиётган фойдаланувчилардан ҳиссиётга берилмаслик ва карантин бекор қилинишига ишониб қолмасликни таъкидлаганди.

Эслатиб ўтамиз, дунё бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони 4 миллион кишидан ошиб кетди. Жумладан, Жанубий Кореяда бир ойлик пасайишлардан сўнг коронавирусга чалинганлар сони кескин ошди. Уханда ҳам коронавирусга чалинганлар қолмагани айтилганидан 2 ҳафта ўтиб яна касалланиш ҳолати қайд этилди. Россияда кетма-кет 8 кундан буён кунлик касалланишлар сони 10 минг кишидан ошмоқда. Ўзбекистонда эса коронавирусга чалинганлар сони 11 май куни 35 кишига кўпайиб, 2453 нафарга етди.