Нью-Йорк штатидаги ўрмонларнинг биридан ярим асрлик Dodge Charger автомобиллари «қабристони» топилди. Суратларга кўра, бу ўтган асрнинг 60 йилларида ишлаб чиқарилган биринчи авлод ҳисобланади. Машиналар ҳаракатсиз турганлиги сабаб ерга айланиб кетаёзган, деб хабар беради Motor.

Фото: Instagram / Hemisublime

Dodge Charger бозорларда 1966 йилда 3,1 минг доллар сотувга чиққан. Модификациясига қараб дастлабки авлод моделлари 5,2, 5,9 ёки 6,3 литрли V8 моторлари билан, шунингдек, Street Hemi S8 426 етти литрли агрегати билан жиҳозланган. Охирги вариант жуда кам учрайди, чунки биринчи йили бу турдаги машиналардан 468 нусха ишлаб чиқарилган.

Фото: Instagram / Hemisublime

1966 йил давомида 37 344 нусха Dodge Charger сотилган бўлиб, кейинги йили модель янгиланган. Хусусан, унда винил том ва 375 от кучига эга 7,2 литрли мотор пайдо бўлган. 1967 йилда мазкур моделдан 15 788 нусха сотилган.

Фото: Instagram / Hemisublime

Dodge Charger халқ орасида жуда оммалашгани сабаб бир неча бор катта экранларда, хусусан, замонавий киноленталарда ҳам пайдо бўлган. Масалан, «Форсаж» фильмининг 4 ва 5-қисмларида иштирок этган 1968 йилги Dodge Charger 2013 йилда 95,7 минг долларга сотилган.