Шавкат Мирзиёев 7 май, пайшанба куни ўтказилган видеоселектор йиғилиши бошида коронавирус пандемиясига қарши кураш борасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтди, деб хабар берди Президент матбуот хизмати.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Охирги пайтда дунёда ҳар куни 90-100 минг нафар инсон бу вирусни юқтириб олмоқда. Бугунга келиб унга чалинганларнинг умумий сони қарийб 4 миллионга етди. Минг афсуски, уларнинг 265 минг нафари оламдан ўтди.

Ўзбекистонда касалликка чалинганлар сони 2 минг 269 нафарни ташкил этмоқда. Улардан 1 минг 624 нафари ёки 72 фоизи соғайди. Айни пайтда шифохоналарда 635 нафар бемор даволанмоқда. Хориждан қайтган ва беморлар билан мулоқотда бўлган 45 минг фуқаромиз карантинга олинган.

Биз жуда катта куч сарфлаб, кўп саъй-ҳаракатлар, халқимизнинг кўмаги ва чуқур тушуниши, сабр-тоқати билан Ўзбекистонда бу офатни жиловлаб турибмиз. Лекин барибир жуда ҳам зийраклик ва эҳтиёткорлик билан карантин қоидаларига тўлиқ амал қилишимиз шарт. Бу хавф бутун дунёда бутунлай бартараф этилмас экан, хотиржамликка берилишга асло ҳақимиз йўқ.

Республикамизда эпидемиологик вазият барқарорлашганидан фойдаланиб, вирусдан холи ҳудудларда иқтисодиётни юрғизиб юбориш ва одамларни даромад билан таъминлаш мақсадида карантин талабларини аста-секин юмшата бошладик. Бунда биз аҳолининг карантиндаги турмуш шароитини яхшилаш учун уларнинг кўплаб мурожаатларини ҳам инобатга олдик», — деди Шавкат Мирзиёев.