Бухорода 70 ёшли қайнона келинини темир жисм билан уриб ўлдирди. Бу ҳақда «Дарё»га Бухоро вилоят прокуратураси ахборот хизмати раҳбари Анвар Асадов маълум қилди.

Аниқланишича, воқеа 5 май, сешанба куни вилоятнинг Когон туманида содир бўлган.

Вилоят прокуратурасининг маълумот беришича, 70 ёшли фуқаро С.З. 2020 йилнинг 10 апрель куни ўзини ўлдирган ўғли Н.С.нинг қасдини олиш мақсадида ҳожатхонада ўтирган 38 ёшли келинининг бошига темир жисм билан уриб ўлдирган.

«Бу оила жорий йилнинг апрель ойига қадар тинч-тотув яшарди. Бироқ кейинчалик юзага келган оилавий келишмовчилик маҳалла масъуллари, ИИБ ҳамда диний идора вакиллари аралашуви билан ҳам тинчимади. Оқибатда 39 ёшли фуқаро Э.С.нинг ўз жонига қасд қилиши билан якунланди», — дейди тумандаги «Геофизика» МФЙ раиси Иззатулла Исматов.

Маҳалла раисининг маълум қилишича, оила бошлиғи бўлган 39 ёшли Э.С. маст ҳолда тўққиз ёшли қизига тажовуз қилишга уринган. Қилмиши ҳуқуқ-тартибот идоралари ва қўни-қўшнига маълум бўлгач, ота 10 апрель куни ўз жонига қасд қилган.

«Ўғлининг ўлимидан сўнг С.З.га ўртадаги келишмовчиликларга якун ясаш, отасиз қолган икки фарзанд тарбияси билан шуғулланиши лозимлигини тушунтирдик. Аммо қанча ҳаракат қилмайлик, жанжал ва келишмовчилик кескинлашди ва С.З. гуноҳсиз келинини ўлдириб, қотилга айланиши билан тугади», — дейди Иззатулла Исматов.

Таъкидланишича, қайнонасидан калтак еган келин бошининг чап чакка ва ўнг тепа соҳалари темир зарбидан оғир жароҳат олган ва шифохонага ҳам етмай йўлда вафот этган.

Қотил қайнона С.З. қилмишидан сўнг Когон шаҳар ИИБга қўнғироқ қилиб, жиноятини айтган ва айбини тан олган.

Мазкур ҳолат юзасидан 5 май куни вилоят прокуратураси томонидан С.З.га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қўлга олинган.

Ҳозирда вилоят прокуратурасининг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.