КХДР етакчиси Ким Чен Ин «1941—1945 йилларда содир бўлган Улуғ Ватан урушида эришилган ғалабанинг 75 йиллиги» юбилей медали билан тақдирланди. Бу ҳақда Россиянинг Шимолий Кореядаги элчихонаси Россия президентининг фармонига асосланиб маълум қилди.
Медал Ким Чен Инга КХДР ҳудудида уруш даврида вафот этган ва кўмилган фуқароларининг хотирасини абадийлаштиришга қўшган улкан ҳиссаси ва республикада дафн этилган аскарларнинг ёдгорликлари хавфсизлигини таъминлаш борасида кўрсатган ғамхўрлиги учун топширилган.
5 май куни Россия элчиси Александр Мацегор медални КХДР ташқи ишлар вазири Ли Сон Гвонга топширган.
Эслатиб ўтамиз, коронавирус пандемияси туфайли Россия президенти Владимир Путин Ғалабанинг 75 йиллигини нишонлаш билан боғлиқ барча тадбирларни бекор қилган эди. Беларусда эса 9 май Ғалаба паради бекор қилинмайдиган бўлди. Ўзбекистонда Иккинчи жаҳон уруши даврига оид «Ғалаба боғи мажмуаси» фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилган.