Америкада бир вақтнинг ўзида иккита йирик супермаркетлар тармоғи — Castco ва Kroger барча турдаги барра гўшт маҳсулотлари, шунингдек, қийма савдоси ҳажми чекланишини маълум қилди, деб хабар беради «Комсомольская правда».
Kroger’да мазкур чеклов айрим дўконларга тааллуқли, Costco раҳбарияти эса чўчқа, мол ва парранда гўшти савдосини чеклаш бўйича қарор қабул қилиб, бир кишига уч қадоқдан ортиқ сотмасликни белгилаб қўйган. Бундан ташқари, бу каби ўзига хос имтиёздан Costco харидорлар клуби аъзолари фойдалана олади, супермаркетлар тармоғига ташриф буюрган харидорларда аъзолик гувоҳномаси бўлмаса, уларга гўшт сотилмайди. Costco харидорлар клубига аъзолик пулли ҳисобланади. Чеклов ҳозирда музлатилган гўшт ва ярим тайёр маҳсулотларга тааллуқли эмас.
Costco ўзининг расмий саҳифаси орқали ваҳимага тушган харидорларни тинчлантиришга уринган: «Бизнинг етказиб берувчиларимиз талаб юқори бўлган барча товарлар ва маҳсулотларни пештахталарга етказилишини таъминлаш учун барча имкониятларни ишга солмоқда».
Дўконларда гўшт тақчиллигига оид вазиятни сотувчилар бир ой олдин, АҚШда гўшт комбинатлари ёпилишни бошлаганидаёқ прогноз қилганди.
Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп гўшт комбинатларининг мавқейини мудофаа корхоналарига тенглаштириб қўйгани ҳақида хабар берилганди.