Ўзбек кино санъатида ҳам ижтимоий реализм жанри олд қаторларда бўлган даврлар кечган. Фильмларда ўткир ижтимоий муаммолар, инсон ҳаётининг улуғворлиги ёритилган. «Дарё» ана шундай давр асосчиларидан бири, ўзбек кино санъатининг ёрқин намояндаси Комил Ёрматов ҳақидаги хотираларни ёдга олади.
Болалигимизда ажойиб фильмлар бошланаётганда «Комил Ёрматов номидаги ‘Ўзбекфильм’ киностудиясида дубляж қилинган» деган жумлани эшитишимиз билан ҳозир жуда зўр фильм кўраман деб ўтирар эдик. Ушбу исм ва жумла сифатли фильмнинг ёки ажойиб дубляжнинг гарови эди гўё. Хўш, ўшанда Комил Ёрматов аслида кимлигига қизиқиб кўрганмизми? Менимча йўқ, бугун ушбу буюк режиссёр ҳаёти билан танишамиз.
Комил Ёрматов 1903 йил 2 майда Конибодомда (ҳозирги Тожикистоннинг Сўғд вилоятида) тожик оиласида дунёга келди. Аввал миллий, кейин эса янги очилган рус-тузем мактабларида ўқиди. 1918—1924 йилларда Конибодом туман ҳокимиятида котиб, Қизил Армия сафида, отлиқ полк эскадрони қўмондони Ҳамдам ҳожи Қаландаров бошчилигидаги партизан отрядининг жангчиси бўлган.
Машҳур киношунос Мастура Исхоқова Комил Ёрматовнинг болалиги ҳақида шундай дейди:
«Комилнинг болалиги жуда беғубор ўтди. Отаси Ёрмуҳаммад мингбоши 1918 йилгача подшо армиясининг полковниги, йигирма беш йил Конибодомда округ раҳбари бўлиб ишлади. Маҳаллий аҳоли уни жуда ҳурмат қиларди, чунки у адолатли ва билимли одам эди. Ўша йилларда у ватандошлари орасида биринчилардан бўлиб, таълим масаласига жасорат билан ёндашди — икки ўғлини янги очилган рус-тузем мактабига топширди.
Ёрмуҳаммаднинг катта кутубхонаси бор эди, ўзи уч тилда — рус, форс ва ўзбек тилларида гаплаша оладиган зиёли инсон эди. 1925 йилда Ёрмуҳаммад жиддий касал бўлиб қолди. У саноқли кунлари қолаётганини тушунарди. Бир куни кечқурун ота ўз ўғлини тўшагига чақириб, оҳиста деди: ‘Ўғлим, менда сенга мерос қилиб қолдирадиган ҳеч нарса йўқ. Мен ҳаётим давомида бойлик тўплаш илинжида яшамадим, аммо мен сенга яхши номимни қолдираман. Энг муҳими, ким бўлишингдан қатъи назар, қаерда бўлсанг ҳам ўз халқингга сидқидилдан хизмат қилгин...’ 20 ёшли Комил отасининг сўнгги васиятига бутун умр амал қилиб яшади».
1923 йилнинг кузида Конибодомга Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий бошчилигидаги театр труппаси ташриф буюради, Комил Ҳамза билан учрашади ва у билан бўлган қизиқ суҳбатлар асносида театр соҳасига қизиқиб қолади. 1924—1926 йилларда у Москва технология институтида ва шу билан бирга Москвадаги Б.В. Чайковский номидаги кино актёрлари учун ўқув курсларида таҳсил олди. 1930 йилдан Москвадаги давлат кинематография институти (ҳозирги ВГИК)да ўқиди.
1931 йилдан «Тожиккино» киностудиясининг биринчи тоифали режиссёри бўлиб фаолиятини бошлаган Комил Ёрматов ўзининг илк иши бўлган «Узоқ чегарада» номли фильмини суратга олди. Комил Ёрматов ўзбек, немис, рус, форс ва озарбайжон тилларида бемалол гаплашар эди.
1941 йилдан Тошкент киностудияси (ҳозирги «Ўзбекфильм»)нинг юқори тоифали режиссёри ва бадиий раҳбари этиб тайинланди. Ушбу фаолияти давомида Комил Ёрматов «Уйқусиз йўллар», «Алишер Навоий», «Ибн Сино», «Опа-сингил Раҳмоновалар», «Осиё узра бўрон», «Инқилоб чавандозлари» каби саҳналаштирилган фильмларни суратга олиб, ўзбек миллий киносининг ривожланишида муҳим ҳисса қўшди.
У 1977 йил «Халқлар дўстлиги» журналининг 11 ва 12-сонларида нашр этилган «Вақт тасмаси» мемуарларининг муаллифи, шунингдек, тожик ва ўзбек кино тарихи ҳақидаги «Қайтиш» деб номланган китобнинг ҳам муаллифидир. Комил Ёрматов 1978 йил 17 ноябрда Тошкентда вафот этди. Чиғатой қабристонига дафн қилинди.
Санъатшунос Жўра Тешабоев у ҳақида шундай дейди:
«У бадиий ижодда кашфиётчи эди. Ўзбек киносига биринчилардан бўлиб келиб, унинг пойдеворини қўйди, сўнгра миллий экранга шон-шараф ва обрў-эътибор келтирган асарлар яратди».
Комил Ёрматовнинг «Алишер Навоий» картинаси киночилар томонидан чинакам маҳорат сифатида баҳоланди. Унинг бу асаридан кейин ўзбек миллий киноижодкорлигида янги давр бошланди. Орадан кўп йиллар ўтган бўлса-да, ўзбек киносида «Алишер Навоий» фильми билан услуб софлиги, режиссёрлик, ижрочилик ва визуал маданият даражасида рақобатлаша оладиган фильмни топиш қийин.
Комил Ёрматовнинг ўзи кино оламига илк қадам қўйган кезларида санъат ҳақида шундай деган эди:
«Бу ёш санъатда мени улкан имкониятлар ва истиқболлар ҳайратга солди. У саводсиз мамлакатдаги маданий жараёнларда инқилоб қилиш учун махсус мўлжаллангандай эди гўё. Шунинг учун мен ўзимни ушбу санъатга хизмат қилишга бағишлашга қарор қилдим».
Ҳақиқий ижодкорнинг истеъдоди маънавий маданиятининг барча бойликларини ўзлаштирган ҳолда шаклланади. Ёш актёр ва режиссёр Комил Ёрматов кинематография касбининг асосларини синчковлик билан ўрганганидан кўп йиллар ўтди, ўз асарининг Ватан ҳаёти ва унинг тарихий тақдири билан ранг-баранг боғлиқлигини англаб етди. У яна бир йирик режиссёр Наби Ғаниев билан биргаликда ўзбек киносининг эстетик асосини яратди. Бунда инсоннинг ички дунёсига қизиқиш, эпик мавзулар, катта ҳиссий ва ижтимоий интенсивлик алоҳида таъкидланган.
Ким ҳам ўйлабди дейсиз, шундай буюк режиссёрлар етишиб чиққан ва фаолият кўрсатган юртда бугунги кунга келиб кино санъати жуда катта деградацияни бошидан кечиришини. Албатта, ўша даврларда кино саноатида ижтимоий реализм жанри олд қаторларда бўлган. Фильмда ўткир ижтимоий муаммолар, инсон ҳаётининг улуғворлиги ёритилган. Бугунги айрим бачкана «қанд-қоғоз» фильмларни кўриб, яна иложсизликдан ўтмишдаги буюкларни эслайсан киши. Беғубор болалик даврларинг ва қора экранда чизилиб кетган кадрларда «Комил Ёрматов номидаги ‘Ўзбекфильм’ киностудияси намойиш этади» дейишларини соғинасан...
Нурбек Алимов тайёрлади.
Изоҳ (0)