Оғир атлетика бўйича Рио—2016 Олимпиадаси чемпиони Руслан Нурудинов антидопинг қоидаларини бузганлиги сабаб икки йилга дисквалификация қилинди. Бу ҳақда Халқаро оғир атлетика федерацияси (IWF) маълум қилди.
Ўзбекистонлик спортчининг 2012 йилги Лондон Олимпиадасидаги қон таҳлилидан тақиқланган туринабол моддаси топилгани сабаб 2019 йилнинг май ойида Спорт арбитраж суди Нурудиновни антидопинг қоидаларини бузганликда айбдор деб топган.
IWF расмий сайтида маълум қилинишича, дисквалификация 2018 йилнинг 18 декабридан 2020 йилнинг 17 декабрига қадар бўлган муддатни ўз ичига олади.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг декабрь ойида Лондон Олимпиадасидаги допинг таҳлиллари натижасида беш нафар оғир атлетикачи, шу жумладан Руслан Нурудинов ҳам спортдан четлатилиши ҳақида хабар қилинганди.
Нурудинов Лондондаги Олимпия ўйинларида 105 килограмм вазн тоифасида тўртинчи ўринни қўлга киритган. 2016 йилги ўйинларда силтаб кўтаришда Олимпия рекордини (237 кг) қайд этган ҳолда, олтин медалга эга чиққанди.Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)