Пандемия ҳолати давлатларнинг бошқарув тизимини ўзгартириши мумкин? Бугун дунё мамлакатлари қандай чораларни қўлламоқда? Улар тарихдан ўрнак олдими? Саволларга жавобни яна бир тарихий воқеа — Тошкентдаги «Вабо исёни» мисолида кўриб чиқамиз.

Афлотун мамлакатда қонунларни ўзгартирадиган икки омилни санаб ўтади. Бири ўша қонунлар муддатининг тугаши бўлса, иккинчиси оммавий бўладиган тўфон ва вабо сингари офатлар. Бу ерда қонун деганда ҳозирги биз тушунган тор доирадаги қонундан кенгроқ маънони, давлатнинг бошқарув тизимини тушуниш керак. Бу, албатта, қонунларга асосланади. Вабо қандай қилиб давлатларнинг бошқарув тизимини ўзгартириши мумкин? Бу давлатнинг касалликка қанчалик тайёр ёки тайёр эмаслигидан, бошлиқларнинг салоҳиятидан келиб чиқади.

«Вабо исёни».

Фото: Wikipedia

Эпидемия касалликларига қарши курашда халқни бундай балолардан ҳимоя қилишга қодир бўлмаган ҳукумат инқирозга учрайди. Аввало, халқнинг ҳукуматдан норозилиги кучайиб борса, касаллик оқибатида келиб чиққан иқтисодий инқироз давлатнинг қулашига сабаб бўлади. Давлат эса яшаб қолиш учун касалликнинг тарқалиб кетишининг олдини олиш, камроқ талафотлар кўриш мақсадида керакли чоралар кўришга мажбур. Акс ҳолда юқорида айтганимиздек, халқ норозилиги кучайиши оқибатида исёнлар келиб чиқиш эҳтимоли юқори. Зеро тарихда бундай ҳолатлар рўй берган. 1892 йилги Тошкентда бўлиб ўтган «Вабо исёни» фикримизнинг исботи бўлиб хизмат қилади.

Қўзғолонга шароитнинг етилиши

XIX аср иккинчи ярмида Тошкент икки йирик вабо эпидемияси гирдобида қолди. Ҳар иккаласида ҳам минглаб инсонлар ушбу касалликдан вафот этди. Маълумки, Тошкент 1865 йили руслар томонидан эгалланган, 1867 йил ташкил этилган Туркистон генерал-губернаторлигининг маркази эди. Тошкентнинг турли ҳудудлар билан иқтисодий алоқалари касалликнинг кенг авж олишига сабаб бўлган омиллардан бири эди. Россиянинг эпидемия тарқалган ҳудудларидан кўчириб келтирилган аҳоли ҳам касаллик кириб келишига туртки берган эди.

Рус деҳқонларининг оммавий кўчириб келтирилиши маҳаллий иқтисодиётга кучли зарба берди ҳамда ижтимоий тарангликка сабаб бўлди. Ўзи шундоқ ҳам мустамлакачи тузум томонидан маҳаллий савдогарларнинг рус бозорларида савдо қилишига қўйилган тақиқ ва эпидемия пайтидаги бозорларнинг ёпилиши аҳолининг қаттиқ норозилигига сабаб бўлди. Касаллик май ойида бошланган бўлса, август ойига келиб барҳам топди. Чор ҳукумати эпидемия билан курашиш мақсадида бир қатор чоралар кўра бошлади.

Лекин бу чоралар кўпроқ эмпирик характерда эди. Ваҳоланки, бу пайтда тиббиёт юқумли касалликларга қарши анча-мунча ютуқларга эришганди. Шаҳарда амалга оширилган сегрегация тартиби ва тиббий хизматнинг фақатгина рус аҳолига нисбатан кўрсатилиши касалликнинг маҳаллий аҳоли орасида кўпроқ тарқалишига сабаб бўлди. (Sophie Hohmann «Gouverner face aux ‘monstres invisibles’ en Asie centrale au XIXème et XXIème siècles : du choléra au coronavirus»).

Тошкент бозори. 1890 йил.

Фото: Wikipedia

Чор маъмурияти аҳолини мавжуд тартиблар билан хабардор қилиш мақсадида «Туркестанские ведомости» газетасида ўша давр янги методлари ҳақида ҳам икки тилда хабар чоп этди, шунингдек, қўзғолондан бир кун олдин, 23 июнь куни, Тошкент ҳарбий коменданти Путинцев шаҳар жоме масжидида Қурбон ҳайити (баъзи манбаларда Рамазон ҳайити) намозидан олдин чиқиш қилиб, аҳолини мавжуд тартибларга риоя қилишга чақирди.

Бундан ташқари, касалликдан вафот этганларнинг жаноза намозларисиз махсус қабристонларда оҳак сепилган қабрларга кўмиш тадбирлари, дезинфекция мақсадида оҳак, симоб хлориди сингари зарарли бўлган воситалардан фойдаланилиши оқибатида эски шаҳардан кўплаб одамларнинг заҳарланиб ўлиши, маҳаллий аҳоли орасида сувнинг руслар томонидан атайлаб маҳаллий аҳолини йўқ қилиш мақсадида заҳарланаётгани ҳақида миш-мишларнинг урчиб кетиши, вафот этган ва касалланганларнинг буюмларининг ёқиб юборилиши, ваъда қилинган янги қабристонларнинг етарли даражада очилмагани халқнинг жунбишга келишига сабаб бўлди.

Исённинг бориши

1892 йилнинг 24 июнь куни эрта тонгдан Тошкентда 400 кишини жамлаган қўзғолон бошланди. Қўзғолончилар дастлаб шаҳар оқсоқоли Муҳаммад Ёқуб Каримбердининг русларга яширин дафн маросимлари ҳақида хабар етказганини эшитиб, янги шаҳардаги шаҳар маъмурияти биносига таёқ, кетмон, ўроқ каби қуроллар билан қуролланиб ҳужум уюштирди. Ҳужум натижасида Путинцев ҳам, Муҳаммад Ёқуб ҳам яраланди. Қўзғолончилар шаҳар оқсоқолига тош ёғдирди. Бу эса «Тошотар воқеаси» номи билан тарихда қолди.

Путинцев махсус рота чақиришга мажбур бўлди ва қўзғолон бостирилди. Қўзғолончилар қочишга тушиб, кўпчилик ўзини шаҳарни иккига бўлиб турган анҳорга ташлади. Кейинчалик анҳордан 80 кишининг жасади топилган. Бу пайтда Чимёнда дам олишда бўлган генерал-губернатор Александр Вревский 25 июнь куни шаҳарга етиб келади. Эски шаҳарга 200 кишилик казак отряди ва тўртта рота юборилади. Аскарлар 30 июнгача шаҳарда қолади. Шу йилнинг декабрь ойида округ судида қўзғолончилар суд қилинади. 60 киши судга тортилган бўлса, шулардан саккизтаси ўлим жазосига, иккитаси Сибирга сургун этилади ҳамда 15 киши турли муддатларга қамоққа ҳукм қилинади.

Фото: Wikipedia

Ўша даврда яшаган гувоҳларнинг айтишига қараганда, қўзғолончиларда дастлаб ҳужум қилиш нияти бўлмаган, уларда қурол ҳам йўқ эди. Уларнинг талаби маҳаллий аҳолига нисбатан бўлаётган камситишлар, зўравонликлар, нархларнинг ошиши каби бир қатор муаммоларга қарши чора кўришни сўраб шаҳар ҳокимига мурожаат қилиш бўлган. Аммо Путинцевнинг қуролсиз оломонга қарши куч ишлатиш ҳақидаги буйруғидан кейин улар тошлар билан ҳужумга ўтишган. Ҳокимият биноси вайрон этилиб, шаҳар оқсоқолининг уйига ўт қўйилган.

Исённинг оқибатлари

«Вабо исёни» ўша пайтдаги Чор маъмуриятининг ўлкада олиб бораётган сиёсати зўравонлик устига қурилганини кўрсатиб берди. Албатта, бу борада маҳаллий ва рус тарихчиларининг хулосалари турлича ва бир-биридан кескин фарқ қилади. Айримлар исённи миллий озодлик курашларининг дебочаси деб ҳисоблайди. Қўзғолон нималарни ўзгартирди?

Қўзғолон рус маъмурларини ташвишга солиб қўйди. Генерал-губернатор марказдан полиция штатини кўпайтириш ва жазо ваколатларини кенгайтиришни сўради. Петербург ушбу истакларни қабул қилди ва мустамлакачи маъмурларга кенгайтирилган ваколатлар берилди. Генерал-губернатор «қаттиқ қўриқланадиган ҳудуд» дея эълон қилинган ҳудудларда намойиш ва йиғилишларни тарқатиб юбориш, тижорат корхоналарини ёпиш, матбуотни тақиқлаш, жарималар жорий қилиш, хоҳлаган кишини сургун қилиш ва бошқа ҳуқуқларни қўлга киритди.

«Фавқулодда қўриқланадиган ҳудуд»ларда ҳокимият тўлиқ генерал-губернаторга ёки у томонидан тайинланган ўринбосарга топширилди. Шунингдек, қўзғолоннинг куч ва қон билан бостирилгани мустамлакачиларнинг ўз манфаатлари ҳимояси йўлида ҳар қандай йўлдан қайтмасликларини кўрсатиб берди. Бу йўлда улар маҳаллий халқнинг анъаналарини, эътиқодларини, миллий қадриятларини оёқости қилишдан ҳам тап тортмасликлари аён бўлди. Бу билан улар ўлканинг ҳақиқий ҳокими ким эканини кўрсатишга уринган бўлиши ҳам эҳтимолдан йироқ эмас.

Хулоса ўрнида

Бундай қўзғолонлар мамлакат ҳукумати томонидан қабул қилинадиган нотўғри қарорларнинг натижаси ҳам бўлиши мумкин. Жумладан, ёш рус олими Владимир Хавкин 1892 йилда Пастер институтида вабо эпидемиясига қарши вакцина ишлаб чиқиб, уни синаб кўриш мақсадида Чор ҳукуматига мурожаат қилади. Аммо Россия бу таклифни рад этади. Рад этишининг сабаби эса гигиеначилар ва бактериологлар ўртасидаги келишмовчилик деб ҳисобланади.

Тошкент. Эски шаҳар бош кўчаси.

Фото: Wikipedia

Россиялик гигиеначилар Пастернинг тадқиқотлари Россиянинг соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларига соя солишидан хавфсирар эди. Хавкин ихтироларидан Буюк Британия яхшигина фойдаланди. Кейинчалик у Ҳиндистонда ҳам бир вакцина амалиётларида иштирок этди. (HUTCHINSON J. F., Tsarist Russia and the Bacteriological Revolution, Journal of the History of Medicine and Allied Sciences, 1985, n°40, pp. 420-439). Россия ҳам Буюк Британия каби йўл тутиши мумкин эди. Кўпинча Марказий Осиёдаги рус бошқарув тизими Ҳиндистондаги инглиз бошқарув тизими билан солиштирилади. Сабаби икки империалистик давлат XIX асрда Марказий Осиёда ҳукмронликни қўлга олиш учун ўзаро кураш олиб борган.

Халқ учун қийин бўлган эпидемик вазиятлар мустамлакачи ҳукуматнинг мустамлака аҳолига нисбатан муносабатларининг асл қиёфасини очиб беришда яхшигина восита бўлиб хизмат қилди. Чор маъмурияти эпидемия пайтида мажбурий, эски тажрибага асосланган чоралар ўрнига замонавий тиббиёт ютуқларидан фойдаланганида, тўғри қарорлар қабул қилганида маҳаллий аҳоли учун ҳам тиббий хизматни жорий қилишда сусткашликка йўл қўйишда «Вабо исёни» юз бермаслиги мумкин эди.

Маҳаллий аҳолининг биомедицинага қамраб олиниши ХХ аср бошига келибгина юз берди. Бунда россиялик прогрессив қарашдаги шифокорларнинг Франциянинг мағрибдаги колонияларидаги соғлиқни сақлаш тизимидаги тажрибаларидан фойдаланишлари сабаб бўлди. (Sophie Hohmann, Santé et pouvoir en Ouzbékistan. De la colonisation russe aux transformations post-soviétiques, Editions Petra, Paris, 2014, 321 p., Бройдо С., 1906 : «Организация подачи медицинской помощи туземцам во французских колониях», Русский врач, n°34, pp. 1055-1057).

Жаҳонгир Остонов тайёрлади.