Ўзбекистонда 18 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекциясини юқтириб олганлар сони 45 кишига ошиб, 1450 нафарни ташкил этмоқда, дея хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги. Аввалроқ 17 апрель соат 23:00 ҳолатига кўра, тасдиқланган касалланиш ҳолатлари сони 1405 тага етгани хабар қилинган эди.

Давлат бош санитария инспектори Нурмат Отабеков Тошкентдаги Вирусология илмий-текшириш институти раҳбарияти тақдим этган ахборотга асосланиб маълум қилишича, 18 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра ушбу институт клиникасида даволанаётган 102 нафар беморнинг 29 нафарида пневмония клиник белгилари кузатиляпти. Тўрт беморнинг аҳволи оғир, бир беморнинг аҳволи эса ўта оғир деб баҳоланмоқда.

Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасида даволанаётган 98 бемордан икки нафарининг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда. Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникасида даволанаётган 153 беморнинг 46 нафарида пневмония белгилари кузатилмоқда, етти беморнинг аҳволи оғир, бир беморнинг аҳволи эса ўта оғир деб баҳоланмоқда.

Ўзбекистонда 15 мартдан буён коронавирусга чалинган беморларнинг тўрт нафари вафот этди, 156 нафари эса соғайиб, реабилитацияга олинди. Хорижда камида 23 ўзбекистонликда коронавирус аниқланган, уларнинг тўрт нафари вафот этган.