Бухоро вилояти юқумли касалликлар шифохонасида коронавирус билан касалланган яна 11 нафар бемор буткул соғайди. Улар 17 апрель куни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Соғайганларнинг барчаси чартер рейс орқали Туркиядан Бухорога олиб келинган ва «Ситораи Моҳи Хоса» санаторийсида карантинга олинган. Коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, улар вилоят юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган.
Беморларнинг 3 нафари эркак, 8 нафари аёллардир. Улардан 5 нафари Тошкент шаҳрида, 2 нафари Тошкент вилоятида яшайди. Шунингдек, тузалганлар орасида Бухоро, Самарқанд, Наманган ва Андижон вилоятларида яшовчи 1 нафардан фуқаро бор. Улар орасида энг ёши каттаси 56 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 30 ёшда.
Бухоро вилоят юқумли касалликлар шифохонасида шу пайтга қадар соғайганлар сони 39 нафарга етди. Айни пайтга қадар Ўзбекистон бўйлаб коронавирус инфекциясидан жами 140 киши тўлиқ соғайди. 16 апрель куни Тошкентда 70 ёшли бемор коронавирусдан тузалиб, Ўзбекистонда тузалганлар сони 129 нафарга етган эди.
Ўзбекистонда 17 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекциясини юқтириб олганлар сони 1380 нафарни ташкил этмоқда. Мамлакатда 15 мартдан буён коронавирусга чалинган беморларнинг тўрт нафари вафот этди, бундан ташқари, хорижда камида 23 ўзбекистонликда коронавирус аниқланган, уларнинг тўрт нафари вафот этган.
Изоҳ (0)