Давлат статистика қўмитаси 14 апрель, сешанба куни, Ўзбекистондаги деҳқон бозорларида алоҳида турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг нархларини ўрганиб чиқди ва ўтказилган кузатув натижалари бўйича маҳсулотларнинг минимал-максимал нархларини келтирди.

Фото: «Дарё»

Унда фақатгина деҳқон бозорлари ҳудудидаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ҳисобга олинган. Супермаркет, минимаркет, дўконлардаги нархлар инобатга олинмаган.

Мол гўшти (суяксиз гўштидан ташқари) 37 000 сўмдан 60 000 сўмгача (килограмм)

Кузатув натижасига кўра, 1 килограмм мол гўштининг (суяксиз гўштидан ташқари) минимал нархи Нукус шаҳрининг «Нукус деҳқон бозори»да қайд этилган (37 000 сўм). Мол гўштининг максимал нархи эса Чирчиқ шаҳрининг «Чирчиқ деҳқон бозори», Тошкент шаҳрининг «Олой деҳқон бозори» ва «Миробод деҳқон бозори»да кузатилди (60 000 сўм).

Қўй гўшти 39 000 сўмдан 70 000 сўмгача (килограмм)

Қўй гўштининг минимал нархи кузатув натижасига кўра, Тошкент шаҳрининг «Қўйлиқ деҳқон бозори» ва «Миробод деҳқон бозори»да (39 000 сўм) рўйхатга олинган. Максимал нархи эса Тошкент шаҳрининг «Фарҳод деҳқон бозори», «Эски жўва деҳқон бозори», «Олой деҳқон бозори» ва «Миробод деҳқон бозори»да (70 000 сўм) кузатилди.

Картошка 3 000 сўмдан 8 000 сўмгача (килограмм)

Олиб борилган кузатув натижаларига кўра, картошканинг минимал нархи Наманган шаҳрининг «Наманган чорсу деҳқон универсал бозори», Тошкент шаҳрининг «Олой деҳқон бозори», «Эски жўва деҳқон бозори», «Қўйлиқ деҳқон бозори», «Миробод деҳқон бозори» ва «Фарҳод деҳқон бозори»да қайд этилган (3 000 сўм). Максимал нархи эса Тошкент шаҳрининг «Эски жўва деҳқон бозори», «Фарҳод деҳқон бозори», «Олой деҳқон бозори», «Қўйлиқ деҳқон бозори» ва «Миробод деҳқон бозори»да (8 000 сўм) қайд этилди.

Пиёз 1 500 сўмдан 5 000 сўмгача (килограмм)

Кузатув натижасига кўра, пиёз маҳсулотининг минимал нархи Андижон шаҳрининг «Янги бозор деҳқон бозори»да (1 500 сўм) рўйхатга олинди. Максимал нархи эса Тошкент шаҳрининг «Олой деҳқон бозори»да кузатилди (5 000 сўм).

Сабзи 1 000 сўмдан 5 000 сўмгача (килограмм)

Сабзи маҳсулотининг минимал нархи кузатув натижасига кўра, Андижон шаҳрининг «Андижон шаҳар марказий деҳқон бозори», Навоий шаҳрининг «Саховат» бозори, Наманган шаҳрининг «Наманган чорсу деҳқон универсал бозори», Термиз шаҳрининг «Марказий деҳқон озиқ-овқат бозори» ва «Термиз шаҳар деҳқон озиқ-овқат бозори»да (1 000 сўм) қайд этилган. Максимал нархи эса Тошкент шаҳрининг «Олой деҳқон бозори», «Фарҳод деҳқон бозори» ва «Миробод деҳқон бозори»да (5 000 сўм) кузатилди.

Тухум 5 000 сўмдан 10 000 сўмгача (10 дона)

Тухум маҳсулотининг кузатув натижасига кўра, минимал нархи Наманган шаҳрининг «Наманган чорсу деҳқон универсал бозори»да қайд этилди (5 000 сўм). Максимал нархи эса Чирчиқ шаҳрининг «Чирчиқ деҳқон бозори», Тошкент шаҳрининг «Эски жўва деҳқон бозори», «Олой деҳқон бозори», «Фарҳод деҳқон бозори», «Қўйлиқ деҳқон бозори» ва «Миробод деҳқон бозори»да қайд этилган (10 000 сўм).

Гуруч 3 800 сўмдан 18 000 сўмгача (килограмм)

Кузатув натижаларига кўра, гуруч маҳсулотининг минимал нархи Нукус шаҳрининг «Нукус деҳқон бозори»да рўйхатга олинган («Нукус» навли гуруч 3 800 сўм). Максимал нарх эса Тошкент шаҳрининг «Олой деҳқон бозори» ва «Миробод деҳқон бозори»да кузатилди («Лазер» навли гуруч 18 000 сўм).

Ўсимлик ёғи 8 000 сўмдан 14 000 сўмгача (литр)

Ўсимлик ёғи маҳсулотларининг кузатув натижасига кўра, минимал нархи Тошкент шаҳрининг «Қўйлиқ деҳқон бозори»да (маҳаллий пахта ёғи 8 000 сўм) кузатилди. Максимал нархи эса Тошкент шаҳрининг «Миробод деҳқон бозори»да (кунгабоқар ёғи 14 000 сўм) кузатилди.

Шакар 5 500 сўмдан 6 500 сўмгача (килограмм)

Шакар маҳсулотининг кузатув натижасига кўра, минимал нархи Тошкент шаҳрининг «Фарҳод деҳқон бозори», «Миробод деҳқон бозори», «Эски жўва деҳқон бозори» ва «Қўйлиқ деҳқон бозори»да (5 500 сўм) қайд этилди. Максимал нархи эса Бухоро шаҳрининг «Бухоро марказий деҳқон бозори», Жиззах шаҳрининг «Жиззах марказий деҳқон бозори» ва «Эски шаҳар деҳқон бозори», Самарқанд шаҳрининг «Сиёб деҳқон бозори», «Темир йўл деҳқон бозори», «Дамариқ деҳқон бозори», Термиз шаҳрининг «Термиз шаҳар деҳқон озиқ-овқат бозори», «Марказий деҳқон озиқ-овқат бозори» ҳамда Тошкент шаҳрининг «Олой деҳқон бозори»да (6 500 сўм) кузатилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 24 мартдан бошлаб Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда жойлашган деҳқон бозорларидан ташқари барча бозорларнинг фаолияти тўхтатилди.

Карантин даврида аҳолига қулайлик яратиш мақсадида вилоятнинг барча шаҳар, туманларида кўчма бозорлар ташкил этилди. 6 апрелдан бошлаб тана ҳарорати 37 даража ва ундан юқори бўлганларнинг бозор ва супермаркетларга кириши тақиқланди.