«Дарё» колумнисти Нурбек Алимов «Жаҳон адабиётининг энг буюк асарлари» рукни доирасида машҳур бадиий асарларни таҳлил қилишда давом этади. Бу ҳафта у Михаил Шолоховнинг «Инсон тақдири» ҳикоясини таҳлил қилади.
Флешбэк
Михаил Шолоховнинг «Инсон тақдири» ҳикояси мен учун жуда қимматли ва кучли асар. Асарни таҳлил қила олишга жасоратим етмаса керак деб ўйлар эдим. Аммо бугун шу ҳикоя таҳлилига қўл урдим. Асарни биринчи маротаба талабалик йилларимда ўқиганман ва соатлаб бир нуқтага термулиб қолганман. Ҳаётимда бирор қийинчиликка дуч келган пайтим мен ҳикояни қайта ўқишга киришаман. Сизга ҳам илиндим, албатта, ўқинг.
Асар ҳақида
Машҳур рус ёзувчиси Михаил Шолоховнинг ушбу ҳикояси Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан ўн йиллар ўтиб, 1956 йилда ёзилади. Аммо асар қаҳрамони ва мавзуси аллақачон пишиб етилган эди, яъни уруш тугашидан бир йил ўтиб муаллиф йўл-йўлакай учратган суҳбатдошининг ҳикоясидан таъсирланганида, «Бу мавзуда, албатта, ёзаман», дея юрагига туккан эди. Асар 1956 йили 31 декабрь куни «Правда» газетасида босилиб чиқди.
Сюжет
Асар маълум нуқтагача рассом-ёзувчи тарафидан ҳикоя қилинади ва кейин унинг суҳбатдоши, яъни асар қаҳрамони тилидан давом эттирилади. Ҳикоя уруш тугаганига бир йил ўтиб, баҳор тасвири билан бошланади. Муаллиф иш учун йўл юриб бораркан бир дарё кечигидан икки кишилик солда ўтишига тўғри келади. Ва ҳамроҳларини кутиш сирасида суҳбатдоши билан унинг ёнидаги митти болакайга дуч келади. Муаллифни бу инсоннинг усти йиртиқ-ямоқ бўлса-да, ёнидаги болакайнинг анчайин ораста кийинтирилгани ажаблантиради. Суҳбат бошланади, айнан шу ўриндан ҳикояни асар қаҳрамони давом эттиради.
Бу метин иродали инсон Андрей Соколов эди. У 1900 йилда Воронежда туғилган, болалигидан бошлаб оғир кунларни бошидан кечирган. Анчайин очарчилик бўлган ўша даврларда Андрей бошқа шаҳарларга ишлашга кетган, кўп оғир ишларни қилган ва бир амаллаб қорин тўйғизган. Аммо унинг ота-онаси ва синглиси очликдан вафот этган. Ҳаётида ҳеч бир яқин кимсаси қолмаган Андрей орадан йиллар ўтиб уйланади ва унинг ҳаёти яна нурга тўлади. Етимхонада катта бўлиб қийинчиликни яхшигина ҳис қилиб улғайган турмуш ўртоғи Ирина Андрей билан бирга осуда ва бахтли ҳаёт кечирар эди.
Аввал ўғилли, кейин икки қизли бўлишади. Ўғли Анатолий жуда илмли, айниқса, математикага ўзгача қобилиятли бола бўлиб етишади. Мана шундай бахтли ҳаёт давом этаркан, уруш бошланиб Андрей жанг майдонига отланади. Эрини фронтга кузатар экан, Ирина йиғлайвериб адо бўлади ва эрига бундан кейин кўришолмаймиз дейди. Бундан жаҳли чиққан Андрей бўйнидан осилиб йиғлаётган хотинини қўлидан ушлаб итариб юборади. Бир бало қилиб юпатиб, оиласи билан хайрлашиб жангга йўл олади.
Жангларда икки марта яраланади ва энг даҳшатлиси қийин кечган жангларнинг бирида немис аскарларига асир тушади. Асирлик даври икки йил давом этади. Бу вақт мобайнида Андрейнинг кўрмаган азоб-у қийинчилиги қолмайди. Итдек калтакланади, очликдан қийналади. Рус аскари бўлса-да, хоинлик қилган йигитни ўлдиришга мажбур бўлади. Асирликда Германиянинг Рур, Бавария, Берлин ва шу каби жуда кўплаб шаҳарларига олиб кетилади. Бир неча бор қочишга ҳам уриниб кўради, аммо бўлмайди.
Ўлимга тик қараса ҳам душманга бошини эгмаган Андрей икки йил деганда бир немис майорига ҳайдовчилик қилишга тайинланади ва Ватанга яқин масофадаги шаҳарга юборилади. Бу вазиятни қўлдан бермай, барча эҳтиёт чораларини кўради, маст ҳолдаги немис майорни яралаб машинага боғлайди ва Ватан сарҳадлари томон елдек учади. Амаллаб рус армияси томонга ўтади ва бу жасорати учун мукофотланади. Озодликдан сармаст Андрейга оиласини кўриб келиш учун бир ойга таътил берилади ва у ҳаяжон ичра оиласига хат йўллайди.
Бироз кечикишлардан сўнг жавоб хатини қўшниси Иван Тимофеевичдан олади. Бу хат унга қаттиқ зарба бўлди. Хатда жанглардан бирида авиазаводга немислар томонидан берилган ҳаво зарбаларнинг бирида бомбалардан бири айнан унинг уйига тушгани ва оила аъзоларининг ўша пайтда уйда бўлгани, ҳалокатдан сўнг улардан ном-нишон топилмагани ҳақида эди. Аммо ўғли Анатолий ўша пайт шаҳарда бўлгани сабабли омон қолгани, воқеадан хабар топгач кўнгилли бўлиб жангга отлангани ҳам ёзилган эди.
Ҳеч бўлмаса ўғлининг тирик қолганидан кўнглида оз бўлса-да, илиқлик қолган Соколов ўғлидан хат олади. Ҳарбий соҳада анча муваффақиятга эришган Анатолий олтита орден ва медаллар билан мукофотланган, командир этиб тайинланган эди. Буларни ўқиган Соколов ўғлини кўриш, уни уйлантириш, шириндан-шакар набиралар қуршовида қолиш ҳақида орзуларга берилиб кетади. Анатолий билан кўришишига бир неча кун қолган ҳаяжонли кунларнинг бирида навбатдаги фожиали хабар келади.
Ўғли жангда мардонавор ҳалок бўлган эди. Кўп ўтмай Андрей армиядаги ишига якун ясаб, Урюпинскдаги бир дўстининг уйига йўл олади. Ўша ерда ҳайдовчилик қилади. Отаси жангда, онаси поездга бомба тушганда вафот этган 4–5 ёшлардаги Ванюшани учратиб қолади ва уни ўзига оғил қилиб олади. Ванюша туфайли Андрейнинг ҳаёти яна нурга тўлади. Ишида юз берган муаммо туфайли Урюпинскдан Кашарга яёв йўл олган Андрей билан Ванюша мана шу ўринда дарё кечигида муаллиф билан суҳбатини тугатиб йўлига давом этади.
Таҳлил
«Инсон тақдири» ҳикояси юқорида айтиб ўтганимиздек уруш тугаган йилларда ёзиш режалаштирилган бўлса-да, орадан ўн йиллар ўтиб, 1956 йилда ёзилган. 1953 йилда Сталин вафот этди. Унинг 270-сонли қарорига мувофиқ жангда душманга таслим бўлганлар хоин ҳисобланиб, йўқ қилиниши керак. Уларнинг оиласи эса ҳар қандай давлат ёрдамидан маҳрум этилиши керак эди. Шолохов Сталин сиёсатига доимо танқидий ёндашган ва «Инсон тақдири» ҳикоясида ҳам ўша танқидий ёндашувни кузатишимиз мумкин.
У ўз асарларида уруш йилларида минглаб асир тушган аскарлар ҳаётининг қанчалик қийин кечганини ва жамиятнинг улар ҳақидаги фикр ва қарашларини ўзгартиришга уринган ва бунга эришган десам тўғри бўлади. Шолохов ижодида ҳарбий адабиёт ўзининг туб бурилишига учраб, минглаб «Соколовлар» ҳаётига ўзининг ижобий таъсирини кўрсата олган.
Асарни адабий унсурлар бўйича таҳлил қиладиган бўлсак, муаллиф билан Андрейнинг учрашиб қолиши ва муаллифнинг Ванюша нега ораста, тоза кийинган-у, бу одам йиртиқ-ямоқ ҳолатдалигини ўйлаган ўрни бу — асар тугунидир. Бу одам ким? Ёнидаги болакай унинг кими бўлади каби саволлар ўқувчини ҳам ўйлантириб қўяди. Асарнинг ҳикоя шакли ҳам ўзгача. Шартли равишда ҳикоя воқеаларини урушдан олдинги, уруш даври ва урушдан кейинги воқеалар каби замонларга ажратсак ҳам хато бўлмайди.
Ҳикоя ичида ҳикоя тарзида баён қилинган асар қаҳрамони темир иродали Андрей Соколов мардонавор, мағрур, садоқатли рус жангчиси тимсолидир. Ҳикояни ўқир экансиз, бу характернинг қанчалар кучли ирода соҳиби эканига гувоҳ бўласиз. У болалигидан йўқчилик азобини чекди, малайлик қилди, очарчилик туфайли оиласи очликдан вафот этиб ҳеч кимсиз қолди. Бу унинг ҳаётидаги курашларда олган илк зарбаси эди ва бундан кейин барини йўқдан бор қила олди.
Бир қизга кўнгил қўйди, уйланди, улар мўъжаз уй сотиб олди, фарзандли бўлди, яъни ҳаётининг қоп-қора зулматли кунларидан ёруғ кунларга етиб кела олди, таслим бўлмади. Умр йўлдоши Ирина Андрей билан бахтли эди. Андрей ҳикоя қиларкан, фронтга кетиши олдидан Иринанинг у билан хайрлашаётганда айтган гапи учун кўксидан итарганини эслагани ва асар кулминацион нуқтасига чиқиб Ирина, Настя ва Олюшка бомба тушиши оқибатида ном-нишонсиз ҳалок бўлишини ўқиган пайтда ўқувчининг қалбидан нимадир узилиб тушгандай бўлади.
Бир инсон учун бундан ортиқ даҳшат бўлиши мумкин эмасдай гўё. Гўёки инсон руҳияти бу фожиаларни енга олмайдигандай туюлади. Аммо ҳаёт давом этади, иродасиз инсонларгина ҳаёт тамом деб нуқта қўйиши мумкин. Шунча оғир кунларни бошидан кечиришига қарамасдан ўғлини тирик қолганини эшитган ота қалбидаги сўнгги илиқлик билан ҳаёт курашида яна давом этади. Аммо синовли дунёнинг зарбалари ҳали тугамаган эди.
Ўғли билан кўришишига оз қолганда унинг, ҳаётидаги сўнгги илинжи – дилбандининг жангда вафот этганини ўқиган ўқувчи энди ўзини йиғлашдан тўхтата олмайди. Азобланади, руҳияти дош бермайдигандай туюлади давом этишга. Аммо Андрей умуман йиғламайди ҳам. Чунки унинг кўз ёшлари қалбига ботиб кетган эди. У курашишдан тўхтамайди, инсониятга инъом қилинган ҳаёт аталмиш неъматдан илиқлик қидиради ва Ванюшани учратиб қолади. Ҳаёт унинг учун янгидан бошланади. Ҳикояни ўқиётган ўқувчи ҳам асар сўнггида бироз тин олади, аммо ҳикояни ўқиб тугатгач беихтиёр бир нуқтага узоқ термулиб қолади.
Хулоса
Михаил Шолохов буюк ёзувчи. Унинг асарлари замон тарихидан ҳикоя қилиш билан бирга инсонга курашишни, таслим бўлмасликни ўргатади. Қийин даврларда ҳам тушкунликка тушмасдан ҳаётдан ранг қидиришга ундайди.
Иқтибослар
- Сиз худди кул босгандай, чексиз ғам-ғусса билан тўлиб тошган ва қараган кишининг юраги орқасига тортиб кетадиган кўзларни ҳеч маҳал кўрганмисиз?
- Ташқаридан қараганда кўзга унчалик яқин ҳам эмас эди-ю, лекин мен унга ташқаридан эмас, ичимдан, дилимдан қарардим. Шу туфайли дунёда менинг учун ундан гўзал, ундан дилбар аёл йўқ эди, унақаси бўлмайди ҳам;
- «Умрнинг қандай ўтганини сездингми?»– деб бирор кекса одамдан сўраб кўр-чи, нима дер экан? Сезган бўлса ўлай агар. Ўтган умрни ҳув анови хира туман босган узоқ дашт деявер;
- Чап томонда кимнингдир танки гумбурлади, ўнг томонда ҳам, олдинда ҳам отишмалар давом этарди, ҳадемай димоғларга куйган эт иси ҳам ура бошлади;
- Чамаси, Германиядаги одам куйдирадиган печкалар ҳаммамизга етмаган бўлса керак.
- Ёзувчи «Инсон тақдири» ҳикоясини етти кунда ёзиб тугатган;
- Михаил Шолохов «Тинч Дон» асари учун «Нобел» мукофотига сазовор бўлган;
- Шолохов Сталинга хат ёзади. У хатда қишлоғи Вашенская мисолида 1932 йили ғалла билан таъминлашга мажбурланганини очиқ ойдин тасвирлайди.
Мавзуга доир:
- «Қулликнинг энг даҳшатли томони шундаки, у ҳис-туйғуларни ўлдиради». Гарриэт Бичер-Стоунинг «Том амакининг кулбаси» романи ҳақида
- «Ҳаммаси болаликда қум қасрлар ва қартадан ясалган уйларни бузишдан бошланади». Маркус Зусакнинг «Китоб ўғриси» романи ҳақида
- Карантин пайти ўқиш тавсия этилади. Албер Камюнинг «Вабо» романи ҳақида
- «Бу романни бир марта эмас, беш марта ўқиш керак». 10 апрель – Абдулла Қодирий таваллуд топган кун
Изоҳ (0)