Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров коронавирус тарқалишининг олдини олиш чора-тадбирлари юзасидан аҳолига мурожаат йўллади.

Хайрулло Бозоров.

Кадр: «Наманган» телеканали

Мурожаатда Наманган вилоятида коронавирусни юқтириш бўйича биринчи ҳолатнинг 25 март куни қайд этилгани ва унда 2 киши касаллагани айтилди.

Шунингдек, вилоят ҳокими ҳудудда коронавирусни юқтириб олганларнинг умумий сони 65 нафарга етгани, шундан 22 нафари эркаклар, 43 нафари аёллар эканини билдирди. Наманганда коронавирусга чалинганларнинг 11 нафари 18 ёшга кирган ёшлар, 7 нафари 60 ёшдан ўтган кекса кишилардир.

Бозоров коронавирусга чалинган бир нафар одамнинг омма олдида юриши бу 200 нафардан 400 нафаргача бўлган кишиларга COVID-19 инфекциясини юқтириш эҳтимолини оширишини таъкидлаб ўтди.

Мурожаатда қайд этилишича, охирги уч кун ичида мазкур инфекцияни юқтирган, манбаси аниқ бўлмаган олтита ҳолат аниқланган.

«Коронавирус билан касалланган фуқаролар бу касалликни қачон ва кимдан юқтириб олганини аниқ билмайди. Айримлар уйида иситмалаб, буни оддий шамоллаш деб ўйлаб, ўзларини уй шароитида даволашга уринмоқда.

Охирги уч-тўрт кун ичида тўртта ҳолат аниқланган, уларнинг учтаси Наманган шаҳрида, биттаси Учқўрғон туманида юз берган. Улар бир неча кунлаб, ўн кунлаб уйларида иситмалаб ётишлари, ўз вақтида шифокорларга мурожаат этмаганликлари бугун ушбу касалликнинг юқиш хавфини ошириб юборди. Мазкур 4 нафар фуқаронинг икки нафари оғир аҳволда ва сунъий нафас олдирадиган аппаратларга уланган.

Агар улар ўз вақтида шифокорларга мурожаат қилганларида ўз вақтида аниқ диагноз қўйиларди, яқин қариндошларига юқтирилмас эди. Бугун уларнинг ҳар бири орқасидан 200 дан минг нафаргача одамни карантинга олишга ҳожат бўлмас эди.

Коронавирусни юқтирганлар орамизда юрибди, улар кимлар, сони қанча, афсуски, биз буни билмаймиз.

Иммунитети кучли, соғлом ёшларда касаллик аломатлари сезилмайди, бироқ улар коронавирус ташувчисига айланишининг эҳтимоли юқори», — деган Хайрулло Бозоров.

Аввал Наманган шаҳри ва Учқўрғон туманида фуқароларнинг ҳамда автотранспорт воситаларининг ҳаракати чеклаб қўйилгани хабар қилинганди.