Хитойда сўнгги бир суткада 42 кишида коронавирус аниқланди, бир киши касалликдан вафот этди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «РИА Новости»

Маълум қилинишича, қайд этилган 42 та ҳолатнинг 38 таси хориждан қайтган кишиларда аниқланган, 4 киши эса вирусни мамлакатнинг ўзида юқтириб олган.

Шу пайтгача Хитойда хориждан келган 1141 кишида коронавирус аниқланган. Улардан 733 киши айни пайтда касаллик билан курашмоқда, 34 киши оғир аҳволда, 408 киши эса тузалган. Хитойда коронавирусни хориждан юқтириб келган бирорта ҳам бемор вафот этмаган. Мамлакатда бир сутка ичида 85 киши касалликдан тузалиб, касалхонадан чиққан.

Хитойнинг Соғлиқни сақлаш масалалари бўйича давлат қўмитаси маълумотларига кўра, мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 81907 кишини ташкил этмоқда. Айни пайтда 1116 киши касалликни бошидан ўтказмоқда, уларнинг 144 нафари оғир аҳволда. Касалланганларнинг 77455 нафари тузалишга муваффақ бўлган, 3336 киши вафот этган.

Хитой расмийлари 1 апрелдан бошлаб касаллик аломатларсиз ўтаётган ҳолатлар ҳақида хабар беришни бошлади. Сўнгги бир суткада ана шундай ҳолатлардан 47 таси қайд этилган, улардан 14 нафари хориждан келганлари орасида аниқланган. Ўтган суткада ана шундай кишилардан 40 нафари карантиндан чиқарилган. Уларда ўтказилган тест коронавирус борлигини кўрсатган, бироқ касалликка хос ҳеч қандай белгилар кузатилмаган. Айни пайтда касаллик белгилари намоён бўлмаётган 1097 киши тиббий кузатувга олинган.

Эпидемия ўчоғи бўлган Хубэй провинциясида сўнгги бир суткада бирорта ҳам янги ҳолат қайд этилмаган. Ухань шаҳрида эса 49 киши тузалиб, касалхонадан чиққан, бир киши вафот этган.

Бир кун аввал Хитойда бир сутка ичида коронавирусга чалиниш бўйича 63 та янги ҳолат қайд этилган эди.