Уйқусизлик, чарчоқ ва ортиқча вазндан азият чекаяпсизми? Бунга қуйидаги омиллар сабаб бўлиши мумкин.

Кўп қаҳва ичиш

Фото: The Fix

Оқибати — уйқусизлик, асабийлик, хавотирнинг ортиши.

Қаҳва организмни тез қаришини олдини олувчи антиоксидант, юрак-қон томир касалликларида профилактик восита бўлса-да, керагидан ортиқ истеъмол қилиш тавсия қилинмайди. Таркибидаги кофеин вақтинчалик уйқуни қочиргани, энергия бергани билан ўзига ўргатиб қўяди, усиз тура олмайдиган ичмаса ўзини лоҳас ҳис қиладиган бўлиб қолади киши. Қаҳва ўрнига кўк, занжабил ва лимонли чой ёки шарбатлар ичиш тавсия қилинади.

Нотўғри овқатланиш

Фото: Getty Images

Оқибати — ортиқча вазн, холсизлик ва чарчоқ

Тартибсиз, вақтида овқатланмаслик кўплаб касалликларга сабаб бўлади. Кун тартибингизда, албатта, нонушта, тушлик ва кечки овқат ўрин олган бўлиши керак. Улардан бошқа вақтда қорнингиз очгандек туюлса, кўпроқ суюқлик, мева ва сабзавотлар ейиш тавсия қилинади. Fast food ва хамирли овқатларни таомномангиздан олиб ташлаб, сут, қатиқ, кўкатлар кўпроқ истеъмол қилинг.

Ширинликни хуш кўриш

Фото: Getty Images

Оқибати — юзда ҳуснбузарлар пайдо бўлади, целюллит, қариш жараёни тезлашади, ортиқча вазн.

Юзингиз ёки терингизнинг бошқа қисмида тошмалар кузатилса, ширинликни истеъмол қилишни бас қилинг ёки камайтириб кўринг. Ширинлик ўрнига олча, ўрик, олхўри, грейпфрут ва шафтоли истеъмол қилинг. Шакар ўрнига асал тавсия қилинади.

Билиб билмай парҳез қилиш

Фото: BBC

Оқибати — қайсидир модданинг етишмаслиги бошқасини кўпайиб кетишига сабабчи бўлади, соч тўкилиши, тирноқлар синиши ва тери қуриши кузатилади.

Палапартиш парҳез қилиш сабаб организм керакли моддалардан бебаҳра қолади. Инсон организми индивидуаллиги жиҳатидан кимгадир ёрдам берган парҳезни синаб кўрсам, менда ҳам ижобий натижа бўлади, деб ўйлашга шошилманг. Парҳез эмас, тўғри овқатланишга риоя қилиш керак. Таомномангиздан, албатта, оқсил, минерал ва витаминларга бой маҳсулотлар ўрин олган бўлиши керак.

Сабзавот ва меваларни етарлича истеъмол қилмаслик

Фото: Diabetes

Оқибати — витаминлар етишмовчилиги, чарчоқ, ҳазм қилиш билан боғлиқ муаммолар.

Барча витаминлар мева ва сабзавотларда мужассам, уларни истеъмол қилмаслик эса тўғри овқатланмаслик демакдир. Нонуштада бўтқа билан бирга мевалардан олча, гилос, апельсин ёки ўрик, тушликда бодринг, помидор, саримсоқ, салат барги қўшилган салат, кечки овқатдан кейин бироз вақт ўтиб сабзи ёки олма шарбати ичиш тавсия қилинади.

Кечқурун жуда кеч овқатланиш

Фото: Getty Images

Оқибати — чарчоқ, чала уйқу, вазн тўплаш.

Ётишдан аввал овқат танаввул қилинса, киши ўзини оғир ҳис қилади бундан ташқари тўқ қорин билан ухлаш оқибатида уйқу меъёрида бўлмайди. Эртаси куни тетик уйғонишни ва ўзингизни яхши ҳис қилишни истасангиз, кечаси танаввул қилишдан воз кечинг.

Кам сув ичиш

Фото: ThoughtCo

Оқибати — диққатни жамлай олмаслик, терида муаммолар кузатилиши, жиғилдон қайнаши.

Сув организмдаги ҳужайраларни кислород билан таъминловчи хусусиятга эга. Уни кам ичиш эса моддалар алмашинуви, ҳазм қилиш ва қон айланишда ҳам муаммоларни келтириб чиқаради.