Самарқандда 6 апрель куни кузатилган кучли ёғингарчилик оқибатида шаҳарда сув тошқинлари юз бергани, ўнлаб хонадонлар сув остида қолгани ҳақида хабар берилган эди. ФВВнинг билдиришича, бу борада вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасига фуқаролардан қатор мурожаатлар келиб тушган бўлиб, уларда сув ўтказиш тизимларига сиғмасдан айрим кўчалар ва аҳоли хонадонларининг ҳовлисига сув кирганлиги маълум қилинган.
Мавзуга доир: Видео: Ёмғирдан сўнг сув остида қолган Самарқанд
Ҳолат юзасидан бошқарма ҳамда маҳаллий ҳокимликлар, тегишли идора ва ташкилотлар вакиллари томонидан ўзаро ҳамкорликда Самарқанд шаҳридаги кўчалар, маҳаллалар ҳудудларидаги ариқлар ва ерости қувурларида тозалаш ишлари олиб борилган.
Самарқанд шаҳри «Кулолон» МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи «Чашма» коллекторига оқова сувлари сиғмасдан шаҳарнинг Регистон ва Даҳбед кўчалари кесишмасида тўпланган. Шунингдек, Сиёбча каналида ҳам худди шундай вазият кузатилиб, оқибатда автотранспорт воситаларининг қатновида қийинчилик юзага келган.
Бундан ташқари, ёмғир сувлари шаҳар ҳудудидаги қатор маҳаллалар ва кўчалардаги аҳоли хонадонларининг ҳовли ва ертўла қисмларига ҳам кирганлиги аниқланган.
Ушбу ҳолатларни бартараф этиш тадбирларига вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасидан 84 нафар ходим ва 11 та махсус техника, маҳаллий ҳокимликлар, шунингдек, тегишли идора ва ташкилотлардан 83 нафар ходим ва 12 та техника жалб қилинган бўлиб, 52 та хонадонга амалий ёрдам кўрсатилган.
Изоҳ (0)