Бугунги кунда коронавирус пандемияси қатъий ва кескин комплекс тадбирлар қилинишини тақозо этмоқда. Карантин вақтида давлат ҳар қандай ҳаракатнинг жамият хулқ-атворига таъсир қилишини ҳисобга олиши лозим.

Карантинда ваҳима кўтармаслик муҳим дейишади. Лекин айрим тадқиқотчилар, аксинча, ваҳима, қўрқув бундай вазиятда ёрдам беради деб ҳисоблайди: бироз ваҳимасиз кўпчилик вазиятнинг жиддийлигини англашга қодир эмас. The New York Times газетасининг илмий муҳаррири Бенедикт Керри карантинда ва бошқа фавқулодда вазиятларда ваҳиманинг ўрни ҳақида мақола чоп этди. «Дарё» ушбу фактларни таҳлил қилишни сўраб ижтимоий феъл-атвор бўйича мутахассис Маҳмуд Полвоновга мурожаат этди.

Хавфни муносиб баҳоламаслик ва когнитив хатолар

Гувоҳи бўляпмизки, карантин қоидаларига риоя қилмаслик, ўзи ва яқинлари соғлиғини хавф остига қўйиши кўп учрамоқда. Ақлий жиҳатдан қарасак, касаллик юқтириш, ўз яқинлари соғлиғини хавф остига қўйиш нооқилона ва инсон бундай қилмайди деб ўйлаш мумкин. Лекин инсон хулқ-атвори турли қатъий когнитив янглишишлар билан чамбарчас боғлиқ.

Фото: Google Photos

Нега одамлар карантин қоидаларига бепарво? Тақиқларга қармай кўчага чиқади, тўпланади, бозордан кўпроқ харид қилишга уринади, тўй уюштиради, чет элдан келиб карантинга амал қилмайди?

Ўта оптимизм (овероптимисм) ва ваҳима

Инсон хулқ-атворига оид тадқиқотларга кўра, инсонлар кўпинча хавф-хатарни етарлича баҳоламайди. Бу деярли барчамизга хос: «Вирус менга юқмайди», «Бу ҳолат мен билан содир бўлмайди», «бир мартада юқмаса керак», «бу ерга ҳали вирус келмаган», «бу одам соппа-соғ, у касал эмас», «касал бўлсам бўлибманда, ўлдирмас эканку, гриппдан қанча одам ўлади» каби фикрлар ўз-ўзидан келмайди. Масалан, кўчага чиқаётганда йўл ҳаракати ҳодисасига учраш хавфимизни деярли ҳисобга олмаймиз, шошилиб ишга чопамиз, аслида, кичик бўлсада хавф ҳар доим мавжуд.

Бу онгимиздаги тезкор қарор қабул қилиш тизимидаги янглишишлар билан боғлиқ. Бу янглилишлар мутлақо салбий эмас, тез қарор қабул қилиш, таваккалчилик учун у зарур, бироқ айрим ҳолларда ножўя таъсири бор. Айримлар эса хавфни ўта юқори баҳолаб ваҳимага тушади: магазинлардан озиқ-овқат ва туалет қоғозларини супуриб олиб кетишларини эсланг.

Европа қарор қабул қилиш бўйича ассоциацияси президенти Идо Эрев фикрича, 10–30 фоиз одам хавфни юқори баҳолайди, ваҳимага тушади ва кескин чоралар кўради. Лекин улар камчилик. Кўпчилик эса хавфни етарли баҳоламайди, бепарво бўлади, уйда қолишни истамайди, карантин қоидаларига амал қилмаслик кўпаяди.

Амал қиладиганлар ҳам кам эмас дерсиз. Лекин улар ҳам 5–10 кун уйда ўтиргач, ўзини хавфсиз ҳисоблай бошлайди ва карантин қоидаларига бепарво бўлади.

Ваҳимасиз карантин

Негадир бизда аввалига карантин қоидаларига бепарволикдан кўра ваҳима хавфлироқ деб қабул қилинди. Ҳамма жойда ваҳима тарқатиш жазога сазоворлиги уқтирилди. Ваҳимасиз карантин тарғиб қилинди. Тўғри, ваҳима асло яхши нарса эмас, у руҳий оғиш ҳисобланади. Лекин кўриб турганингиздек, у камчиликда кузатилади ва жамият учун хавфлилик даражаси ҳам бепарволикникидек эмас.

Фото: Google Photos

Ваҳима хавфини юқори баҳолаш ёки бошқа сабаблар натижасида коронавирус инфекцияси бўйича карантиндаги шахслар ва даволанишдаги беморларнинг мобил телефонларини олиб қўйиш ҳақида қарор қабул қилинди. Лекин бу ҳам юқоридаги каби кўп нарса ҳисобга олинмаган ва номутаносиб чора эди. Беморга соғайиши учун ижтимоий алоқалар зарурлиги илмий исботланган. Қолаверса, мобил телефонлар бугунги кунда оддий буюм эмас. У бизнинг энг муҳим шахсий, оилавий, тижорат ва бошқа сирларимизни ўзида сақлайди. Телефонларни олиб қўйиш эмас, дизинфекция қилиб эгасига қайтриш тўғри бўлади.

Қарор қабул қилишда тадқиқот ва ҳисоб-китобга таянмаслик, инсон хулқ-атворини ҳисобга олмаслик

Масалан, куни кеча махсус комиссиянинг шаҳарларда автомобиль ҳаракатини чеклаш бўйича қабул қилган қарорини олайлик. Умуман олганда, касаллик тарқалишининг олдини олиш нуқтаи назаридан зарурий ва мантиқий қарор. Бироқ у аниқ ҳисоб-китобларга таянган ва инсонлар хулқ-автори (хусусан унинг когнитив хатоликлар натижасида ҳаракат қилиш мумкинлиги) ҳисобга олинган деб бўлмайди.

Натижада эса инсон онгидаги бепарволик ва ваҳима каби когнитив хатоликлар хулқ-атворда ўзини кўрсатди: автомобиль ҳаракати учун рухсатномалар олишда одамлар тўпланиши, бозор ва дўконларда озиқ-овқатни ваҳима билан кўп олиш натижасида вақтинчалик етишмовчилик юзага келди.

Комиссия тахминан нечта автомобилга рухсатнома берилиши мумкинлигини, бунга қанча вақт ва куч сарфланишини, уни бериш муддатлари ва унинг жамият ҳаётига таъсирини, рухсатнома бўйича манфаатдорларни хабардор қилиш механизмларини, бу тадбирга инсонлар реакциясини ҳисобга олмади.

Зеро инсонлар зарурият нуқтаи назаридан рухсатнома олишга ёпирилиб бориши (вақт қисқа), ёки чеклов оқибатида озиқ-овқат олиб келиш қийинлашади деб ўйлаб, дўконга чопишлари нормал ва кутиладиган ҳодиса. Ахир инсон онги чекланган ва қарор қабул қилишда бу чекланганлик айниқса кўпроқ намоён бўлади. Ёки ишончли маълумот олишдаги чекланганлик. Карантин чоралари эълон қилингунга қадар, ҳатто ундан кейин ҳам чет элдан келган потенциал хавфли гуруҳлар ўз уйларида карнтинга олиниши бунга мисол бўла олади.

Қарор қабул қилишда нималарни инобатга олиш керак?

Айни пайтдаги давлат томонидан қабул қилинадиган қарорлар ҳар доимгидан ҳам таъсирли бўлиши керак. Бу қарор қабул қилувчилар фаолияти қанчалик самарали эканини кўрсатади. Уларинг қисқа вақт ичида амалга ошиб, таъсирчанлиги орқали муаммони тез бартараф этиши талаб қилиняпти. Бундай қарорлар эса юқорида таъкидланганидек, катта маълумотлар таҳлилига, имкон қадар аниқроқ ҳисоб-китобларга асосланиши, доимий хабардор қилши ва эслатиш, тўғри хулқ-атворга йўналтириш, қоидани бузганларга нисбатан доимий ва ўта қаттиқ бўлмаган жазо чоралари қўллаш кабилар киради.

Фото: Google Photos

Таъкидлаш лозимки, қоидани бузганда жазо чораси қаттиқлиги жариманинг катталиги билан эмас, доимий ва муқаррарлиги билан самаралидир. Умуман олганда, инсон хулқ-атвори, унинг қарор қабул қилиш хусусиятлари, инсон ва жамият хулқ-атворига самарали таъсир кўрсатиш, давлат томонидан қарор қабул қилишда буларни ҳисобга олиш ўтган асрдёқ етарли даражада ўрганилган ва самарали фойдаланиляпти. Бундай тадқиқотлар аввалига алоҳида давлат органлари бўлинмалари ва ҳозирда нодавлат ташкилотларга ўтказилиб, давлат сиёсатида кенг қўлланилмоқда.

Карантин қанча давом этиши кейинги ҳаракатлар бўйича қарор қабул қилиш

Коронавирус хусусиятлари, тарқалиши, ўлим даражаси ҳақида ишончли ва охирги маълумотнинг етишмаслиги чораларни баҳолаш қийинлигини англатади. Бугун вирус кенг тарқалган мамлакатларда вирус юқтирганларнинг, кунлик янги юқтираётганларнинг сони аниқ эмас, тест қилинмаган кўплаб одамлар бўйича маълумот йўқ. Лекин вирус тарқалиш тўлқинини пасайтириш, касалхоналар тўлиб, даволашда тартибсизликлар бўлмаслиги учун кескин чоралар кўрмасдан иложи ҳам йўқ.

Масалан Буюк Британи аввалига кескин чоралар кўрмади, мактаб ва оммавий жойларни ёпмади. Ҳукумат вирус барибир тарқалиши ва 60 фоиз аҳоли бу касалликка чалиниши, иммунитет ҳосил қилиши муқаррар деб, иқтисодий зарар келтирувчи карантинни жорий этмаганди. Лекин 23 март куни Б.Жонсон карантин эълон қилди.

Қолаверса, вирусга қарши вакцина ишлаб чиқишга кўп вақт кетишини ҳисобга олсак, радикал чоралар билан бундай муддат ёпиқ ушлаб туриш имконсиз. Бу чоралар турли мамлакатларда ва бутун дунёда қанча муддат давом этиши, қанчалик самара бериши мумкинлигини билмаймиз. Лекин узоқ муддат қаттиқ карантин дунё иқтисодиётига салбий таъсири оқибатида турли тартибсизликлар, инқирозлар ва жамият емирилишига олиб келиши мумкин. Шу сабабли карантинни имкон қадар аниқ ҳисоб-китоб ва қатъий чоралар билан энг қисқа муддатда ўтказиб, тезроқ чекловларни бекор қилш масалаларини кўриш керак.

Хулоса шуки, давлат органлари томонидан қабул қилинадиган қарорлар тезкор натижага эришиши керак бўлганда доим аниқ тадқиқотларга асосланиши лозим. Тадқиқотлар эса тегишли мутахассислар томонидан аниқ ҳисоб-китоблар, маълумотларни таҳлили қилиш, кишилар хулқини ҳисобга олишни тақозо қилади.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.