Янги iPhone қурилмаси анонси ҳақида маълумотлар ошкор қилинди. Қурилма худди тўрт йил олдинги модель каби iPhone SЕ номи билан аталадиган бўлди, деб хабар қилди 9to5mac нашри.

Фото: Pinterest

Бундан олдинги гап-сўзларда эҳтимолий икки ном муҳокама қилинаётган эди — iPhone SЕ 2 ва iPhone 9. Иккала вариант ҳам мантиққа тўғри келади. 2017 йилда компания iPhone 8’дан тўғри iPhone Х (ўнинчи авлод) га ўтиб кетгани сабаб, орада қолиб кетган моделни iPhone 9 ёрдамида тўлдириш ақлли қарор бўларди. Бироқ компаниянинг iPhone SЕ — iPhone 5S корпуси ва iPhone 6S процессорига эга «ҳамёнбоп» модели ҳам бор. Компания иккинчи бор iPhone SЕ номи остида смартфон ишлаб чиқаришга қарор қилган кўринади.

Apple’нинг ўзи тасодифан янги смартфони номини эълон қилиб қўйган. Apple Store интернет дўконида iPhone SЕ / 8 / 7 смартфонлари учун ғилофлар пайдо бўлган. У 2016 йили ишлаб чиқарилган iPhone SЕ учун эмаслиги аниқ, чунки унинг экрани кичкина.

Маълумотларга кўра, iPhone SЕ’га iPhone 8’нинг корпуси ва янги iPhone 11’нинг процессори ўрнатилган. Бу эса қурилмага Home тугмали ва бармоқ изи сканерига эга 4,7 дюймли дисплей ҳамда Apple А13 замонавий процессори ўрнатилганидан дарак беради.

iPhone SЕ уч модификацияда тақдим этилади — 64, 128 ва 256 гигабайт доимий хотирага эга. Шунингдек, уч хил рангда бўлиши кутилмоқда — қора, оқ ва қизил. Смартфон тақдимоти 3 апрель куни бўлиб ўтиши мумкин.

Миш-мишларга кўра, янги iPhone SЕ 399 доллардан сотувга чиқади.

Аввалроқ iPhone 9 апрель ойининг ўртасида тақдим этилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.