«Болажон» телеканалида 1 апрелдан бошлаб 3-6 ёшли болалар учун «Илк қадам» ва «Ақлвой» лойиҳалари асосида телевизион машғулотлар бошланади. Бу ҳақда Мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.

Фото: «Дарё»

Маълум қилинишича, 3-6 ёшли боғча болалари учун мўлжалланган «Илк қадам» дастури ўз ичига «Бардам болажон», «Ментал арифметика», «Моҳир қўллар», «Lucking English», «Болалар ошхонаси», «Менинг диёрим», «Равон нутқ» каби машғулотларни олади.

Қайд этилишича, «Ақлвой» лойиҳаси асосан 1-синфга тайёрланаётган болалар учун мўлжалланган. Мазкур лойиҳа орқали болалар мактабга тайёрлов машғулотларини уйда бажариш имконига эга бўлади.

Машғулотлар «Болажон» телеканалида қуйидаги жадвал асосида намойиш этилади:

  • «Илк қадам» — душанбадан жумагача, соат 08:00 дан 12:00 га қадар;
  • «Ақлвой» — ҳар куни соат 11:00 ва 15:00 да (ўзбек ва рус тилларида).

Машғулотлар вазирликнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига ҳам жойлаштириб борилади.

Аввалроқ Халқ таълими вазирлиги 30 мартдан бошланган телевизион дарслар жадвалларини эълон қилган эди.