Наманган шаҳрида касалхоналар ва махсус карантин зоналарида коронавирус инфекциясига чалинган беморлар ҳамда карантинга олинган шахсларга қараётган шифокор ва ҳамшираларнинг хонадонлари йўқланди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.

Фото: Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Наманган шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган ҳамда ун, гўшт, ёғ, гуруч, картошка ва сабзи-пиёз, тиббий ниқоб ва қўлқоплардан иборат тўпламларни ортган автокарвон Наманган шаҳридаги 60 га яқин хонадонга йўл олди.

Фото: Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Улар карантин туфайли касалхоналарда ўз бурчини ўтаётган шифокор ва ҳамшираларнинг яқинларига топширилди.

Фото: Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

«20 март кунидан бери касалхонадан жилмадик. Лекин бундан нолийдиган жойимиз йўқ, чунки бу касбни била-туриб танлаганмиз. Яратгандан ўзимиз қараётган беморлар тезроқ соғайиб, оилалари бағрига қайтишларини сўраймиз. Йўқлигимизни билдирмай, хонадонларимиздан хабар олганлардан эса миннатдормиз», — дейди телефон орқали мулоқотда юқумли касалликлар шифохонаси ҳамшираси Матлуба Акрамова.

Фото: Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Ушбу шифохонада ишлайдиган яна бир тиббиёт ходими — Маҳмуда Каримованинг хонадонига борганимизда бизни мактабнинг юқори синфида ўқийдиган қизи Муножот қаршилади.

Фото: Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Унинг кўзига илинган ёшдан бир ҳафтадан бери уйга келмаётган онасини қаттиқ соғинганини пайқаш қийин эмасди. Шунга қарамай, ўзи ҳам келгусида ойиси каби шифокор бўлишни ният қилганини айтади.

Фото: Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Бугун касалхоналар ва карантин зоналарида қолаётган тиббиёт ходимларининг яқинлари билан мулоқот давомида ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари билан нафақат ўзлари, балки барча ўзбекистонликлар фахрланиши, фуқаролар меҳнатларидан рози ва миннатдор эканликлари етказилди.