Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Гебрейесус Женевада ўтказилган брифингда фуқароларнинг ўзини ўзи изоляциялаши ва ҳаракатларнинг чекланиши коронавирус пандемиясини буткул енгишга ёрдам бермаслигини маълум қилди.

Фото: AP Photo

Унинг сўзларига кўра, бу каби чора-тадбирлар касалликнинг тарқалишига қарши кураш йўлида вақтдан ютиш имконини беради, аммо инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун бу етарли эмас. «Сиз имкониятлар ойнасини яратдингиз. Бироқ масала ундан қандай фойдаланишингизда», — дейди ЖССТ раҳбари.

Гебрейесуснинг таъкидлашича, касалликнинг тарқалишига қарши курашда олға силжишнинг олтита усули мавжуд. Биринчи навбатда, соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш ва касаллик билан ишлаётган тиббиёт ходимларини тайёрлаш зарур. Шунингдек, инфекцияни юқтириб олган барчани аниқлаш ва коронавирусни аниқловчи тестлар сонини кўпайтириш керак.

Шунингдек, Гебрейесус беморларни қабул қилиш учун қўшимча шифохоналар тайёрлаш, касалларнинг барча алоқаларини кузатиш ва барча кучни коронавирусга қарши курашга йўналтириш лозимлигини маълум қилди.

«Бу каби чоралар вирус тарқалишининг олдини олибгина қолмай, барча чекловлар олиб ташлангандан сўнг ҳам эпидемиянинг қайта тарқалиши олдини олади», — дейди ЖССТ раҳбари.

Ҳозирда дунё бўйича COVID-19 коронавирус пандемиясига чалинганлар сони 400 минг кишидан ошиб кетди. Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, беморлар сони кўплиги бўйича юқори бешликдан Хитой, Италия, АҚШ, Испания ва Германия жой олган. АҚШда коронавирусга чалиниш бўйича 52 мингдан ортиқ ҳолат қайд этилган, 677 киши вафот этган. Ўзбекистонда эса коронавирус билан касалланганлар сони 60 кишига етган.